АОКА раҳбари сирдарёлик матбуот котиблари, журналистлар, ноширлар, матбаачилар ва блогерлар билан учрашди

22.06.2021, 20:45

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев Сирдарё вилоятидаги туман ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят ташкилот ва идораларининг ахборот хизматлари раҳбарлари, босма нашрлар бош муҳаррирлари, вилоятда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари ва блогерлар билан учрашди.


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоят ташкилот ва идораларининг ахборот хизматлари раҳбарлари билан учрашувда матбуот котиблари фаолияти танқидий таҳлил этилди.

Айтиш керакки, вилоятдаги матбуот котибларининг фаолияти талаб даражасида эмас. Учрашувда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга юзаки муносабат билдириш, журналист ва блогерлардан ўзини олиб қочиш, матбуот анжуманлари, очиқ мулоқотлар ўтказмаслик, веб-сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқлар билан фаол ишламаслик каби ҳолатлар танқид қилинди. 


«Бугун ҳокимлик раҳбарлари ҳам, матбуот котиблари ҳам ўз дунёқарашини ўзгартириши лозим, — деди АОКА директори. — Журналист ва блогерларнинг саволларидан қочиш вақти ўтди, аксинча, раҳбарлар ташаббус билан чиқиб, турли миш-миш ва ёлғон ахборотларга барҳам бериши лозим. Бунда матбуот котибларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Матбуот котиби шу соҳанинг вакили сифатида бугунги талабни тушуна олмаётган раҳбарларга тўғри йўлни кўрсата олиши лозим». 

Учрашувда ўз ишига масъулият билан ёндашмаган матбуот котибларининг ўз лавозимига лойиқ ёки лойиқ эмаслиги масаласини қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди.

Оммавий ахборот воситалари ҳамда нашриёт-матбаа корхоналари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувда жамиятда юз бераётган ўзгаришлар жараёнида журналистларнинг фаоллиги, муаммоларни ёритишда холислик асосий мезон бўлиши лозимлиги хусусида гап борди. 


Журналистлар жойлардаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг газета-журналларга нисбатан бугунги муносабати, обуна жараёнидаги сусткашликлар ҳақидаги фикрларини очиқ баён қилдилар.

«Газета ва журналлар жамиятга, халқимизга қанчалик муҳим эканини ҳамма яхши билади, бироқ уларни асраб қолиш механизмлари ҳақида бош қотиришимиз лозим, — деди А.Ходжаев. — Масалан, туман газеталари ўз муассисларига керакми ёки йўқми? Улар муассислик вазифаларини қай даражада бажаришаяпти? Журналистлар, бош муҳаррирлар ҳам ўз ҳақларини талаб қилишни ўрганишлари керак. Чунки муассислар босма нашрлар фаолиятига кўмаклашиши, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмаслиги лозим».


Учрашувда маҳаллий бюджет маблағларининг ортирилган қисмидан газета-журналлар обунасини қўллаб-қувватлаш, таҳририятларга замонавий, ёш кадрларни жалб этиш чоралари муҳокама қилинди. Босма нашрлар ва нашриётларнинг бундан кейинги фаолиятини такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Сирдарёлик блогерлар билан учрашувда ижтимоий тармоқлар ҳамда мобил мессенжерларда эълон қилинаётган ахборотлар ислоҳотлар самарасини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилаётгани эътироф этилди. 


Жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларнинг холис танқид ва таҳлил қилиниши муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Сирдарёда ҳам кўплаб жонкуяр ва фаол блогерлар туфайли кўплаб муаммолар юзага чиқмоқда. Вилоят блогерларининг саҳифаларини 200 мингдан ортиқ аҳоли кузатиб бораётгани ҳам уларнинг таъсир кучини кўрсатади. 


Учрашувда сўз масъулияти, холислик, қонунийлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ахборот олишдаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар, тавсиялар берилди.


Шу тариқа Асаджон Ходжаевнинг Сирдарё вилоятига сафари ниҳоясига етди.

Увеличить на0%