Ахборот-кутубхона соҳа мутахассилари "Рақамли даврда китоб ва мутолаа" II халқаро конференцияда иштирок этишди

23.06.2021, 22:45

Жорий йилнинг 20-23 июнь кунлари Қирғизистон Республикасида "Рақамли даврда китоб ва мутолаа"  II халқаро конференцияси бўлиб ўтди.  Тадбир МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлик давлатлараро жамғармаси, Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги, ЮНЕСКОнинг "Ахборот ҳамма учун" дастури Россия қўмитаси, Қирғизистон Республикаси Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Конференцияда Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Молдава, Россия Федерацияси, Ўзбекистон ва Украинадан 50 нафар хорижий иштирокчи қатнашди.  

Ўзбекистон делегацияси таркибида АОКА ходими, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона директори ҳамда Қашқадарё вилояти ахборот-кутубхона маркази раҳбари анжуманда иштирок этди.

Конференциянинг ялпи мажлисида Миллий кутубхона директори Умида Тешабаева 2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий дастури, мамлакат тарихида биринчи марта  «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони жорий қилиниши, Ўзбекистон ахборот-кутубхона соҳасининг илғор ривожланиш натижалари ва режалари ҳақида тақдимот қилди. 

"Ўқиш ва таълим" шўъбаси доирасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутахассиси Вероника Аҳмедова "Медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича Марказий Осиё тренинглари: ЮНЕСКО ва Кутубхона уюшмаси ва муассасалари халқаро федерацияси ғояларини Ўзбекистонда мослаштириш тажрибаси" мавзусида тақдимот қилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда 5 йил давомида амалга оширилаётган АОКА, Миллий кутубхона, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Халқ таълими вазирлиги қўшма лойиҳасининг мантиқий давоми бўлиб, ЮНЕСКО ва Кутубхона уюшмаси ва муассасалари халқаро федерацияси ғояларини мамлакат ахборот-кутубхона соҳасига мослаштириш ва жорий қилишга мисол бўла олади. 2021 йилда лойиҳани Марказий Осиё давлатларида кенгайтиришни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон қўллаб-қувватламоқда.

Ахборот-кутубхона соҳаси мутахассисларининг шу каби халқаро конференцияларда иштирок этиши соҳа ривожланиши тўғрисида ахборот бериш, касбий масалаларда тажриба алмашиш, бошқа мамлакатларнинг китоб соҳаси профессионаллари билан танишиш ва кейинчалик ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган йўналишларни белгилаш имконини беради.

Увеличить на0%