Тошкентда ЕХҲТнинг Марказий Осиё 23-Медиа конференцияси бўлиб ўтди

10.09.2021, 19:50

Хабар берилганидек, Тошкентда 9-10 сентябрь кунлари ЕХҲТнинг Марказий Осиё 23-Медиа конференцияси бўлиб ўтди.


Бугун, конференциянинг иккинчи кунида қатор муҳим тадбирлар ўтказилди. «Марказий Осиё ва Мўғулистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳолатига умумий ёндашув» мавзусида ташкил этилган сессияда минтақа бўйича ахборот соҳасида амалга оширилаётган ишлар, ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашилди, ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.


Сессияда қозоғистонлик ОАВ ҳуқуқшуноси Гулмира Биржанова, Қирғизистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти директори Салқин Сарногоева, тожикистонлик ҳуқуқшунос Суҳроб Пўлатов, Туркманистон Инсон ҳуқуқлари ташаббуси раиси Фарид Тухбатуллин, «Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ва журналистика соҳасида ҳуқуқий ислоҳотларнинг самарадорлиги» лойиҳаси юристи, журналистлар ва блогерлар юридик клиникаси юридик маслаҳатчиси Мадина Турсунова, Мўғулистон Медиа кенгаши мустақил маслаҳатчиси Монкхчимэг Даваашарава ва бошқа экспертлар онлайн шаклда иштирок этди ва мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Конференция сўнгида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев нутқ сўзлади.


«Икки кун давомида ахборот, масс-медиа соҳасидаги энг долзарб мавзуларни муҳокама қиляпмиз. Ушбу конференцияда иштирок этиш биз учун жуда қизиқарли ва муҳим. Биз барча маърузачиларни тинглаб, таҳлил этиб, керакли хулосаларга келяпмиз. Бу — фаолиятимизни янада кучайтириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун алоҳида аҳамиятга эга.

Халқаро экспертлар, соҳа мутахассислари, журналистлар билан ҳамкорликда қилишимиз керак бўлган ишларимиз кўп. Хусусан, ахборот соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ОАВни ривожлантириш, маълумотлар очиқлигини таъминлаш, ахборот хизматлари фаолиятини кучайтириш каби масалаларда биргаликда кўплаб лойиҳаларни амалга оширишимиз лозим. 

Биз бу каби мулоқотлар мунтазам давом этиши тарафдоримиз. Халқаро экспертлар, ОАВ бўйича мутахассислар, парламент вакиллари томонидан мавжуд муаммоларнинг муҳокама қилиниши уларни ҳал этишда муҳим рол ўйнайди, деб ҳисоблайман», —  деди Агентлик раҳбари.


Шунингдек, анжуман якунида Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари Комил Алламжонов ҳамда ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейру ҳам ўз маърузалари билан қатнашди.


Конференция дастурига мувофиқ, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейру бугун Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш,  ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раҳбарлари билан учрашув ўтказилиши кўзда тутилган.

Шу тариқа, ЕХҲТнинг Марказий Осиё 23-Медиа конференцияси ўз ишини якунлади.

Увеличить на0%