АОКА директори: «Кутубхоналар — ёшларни зиё нури билан ўзига ром этувчи макон бўлиб қолишига ишонаман»

25.05.2022, 19:19

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаевнинг Андижонда ташкил этилган “Central Asia – 2022: Фан, таълим, маданият ва бизнесда Интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” ХV Халқаро конференцияси очилишидаги НУТҚИ:

Ассалому алайкум, ҳурматли хонимлар ва жаноблар, “Central Asia – 2022” XV халқаро конференцияси меҳмонлари ва иштирокчилари!

Сизларни дунёга машҳур “Бобурнома” асарининг муаллифи, саркарда ва давлат арбоби, ўзбек мумтоз шеъриятининг ёрқин намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она юрти – қуёшли Андижонда қутлашга ижозат бергайсиз.

Тарихдан маълумки, ҳар қандай давлатнинг ривожи, иқтисодий муваффақияти ва халқ фаровонлигига эришиши Ҳукумат томонидан ёшлар таълим-тарбиясига, уларнинг келажагига қаратилаётган эътибор даражаси билан чамбарчас боғлиқдир.

Билим, таълим, мутолаа ва китоблар билангина мукаммал бўлувчи интеллектуал капитални такомиллаштириш давлат тараққиётига улкан ҳисса қўшади. Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ўсишига қарамай, айнан китоб ва мутолаа – жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланишининг асосига айланмоқда. Глобал ахборот жамиятининг шаклланиши ва жадал ижтимоий ўзгаришлар даврида китоб – билим ва мутолаа манбаи сифатида ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Китобни уққан ҳолда мутолаа қилиш ахборот ва билимларни, таълимни ўзлаштириш, шунингдек, маданий кўникмаларни оширишнинг асосий воситаларидан бирига айланмоқда ва шу сабаб китобхонлик маданиятини юксалтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқдир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш доирасида ахборот-кутубхона ва нашриёт-матбаа соҳасини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ташаббус йўналишларидан бири сифатида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, шунингдек, сифатли китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, аҳолининг мутолаа маданиятини юксалтириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди, нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона тизимларини ҳар томонлама такомиллаштириш йўналишлари аниқ белгилаб олинди.

2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мамлакатимизда китоб тармоғининг ягона давлат сиёсатини юритмоқда.

Шу ўринда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ эришилган муҳим ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман:

● тасарруфида ахборот-кутубхона муассасаларига эга бўлган барча вазирлик ва идораларни бирлаштириш, ҳамкорлик ва улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизми яратилди;

● Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 14 та вилоят ва 186 та туман (шаҳар) кутубхоналаридан иборат оммавий кутубхоналарнинг ягона тармоғи шакллантирилди;

● биринчи босқичда 20 та, иккинчи босқичда республиканинг 200 та кутубхонаси билан электрон ҳамкорлик йўлга қўйилиши кўзда тутилган “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳаси жорий этилди;

● 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий дастури амалга оширилмоқда;

● “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилди, шунингдек, соҳа ривожига қўшган ҳиссаси ва кўп йиллик фидоий меҳнатлари учун ҳар йили соҳа мутахассислари мукофотланмоқда;

● Алишер Навоий номидаги Миллий боғда маданий-маърифий мажмуа таркибида илмий-маърифий кутубхона, жумладан, Адиблар хиёбони барпо этилди;

● Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгашида (International Board on Books for Young People / IBBY) Ўзбекистон Республикаси Миллий шўъбаси таъсис этилди ва жорий йилдан бошлаб мамлакатимиз Халқаро кенгашнинг тўлақонли аъзоси бўлди. Ушбу нуфузли халқаро ташкилот фаолияти халқаро ижодий танловларда, китоб кўргазмаларида ва адабий лойиҳаларда иштирок этиш, болалар ва ёшлар адабиёти соҳасидаги халқаро мукофот ва танловларга маҳаллий муаллифларни кўрсатиш имконини беради;

● МДҲга аъзо давлатларнинг давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси фаолиятида қатнашилди, 2021 йилда “Китоб ва мутолаа – жамият тараққиётининг стратегик ресурси” ҳамдўстлик форуми ўтказилди;

● ЮНЕСКО билан “Дунё хотираси” ва “Ҳамма учун маълумот” Миллий қўмиталари фаолиятини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, унинг доирасида мамлакат ахборот-кутубхона муассасаларида ахборот маданияти ва медиа саводхонлигини оширишнинг ягона концепцияси амалга оширилмоқда;

● мамлакатимиз китоб саноатининг анъанавий тадбирлари: “Tashkent Book Fest” халқаро китоб-кўргазма ярмаркаси, “Infolib Uzbekistan” Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги, Республика китобхонлик ҳафталиги ўтказиб келинмоқда.

Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш, «Китобсевар миллат» умуммиллий ғоясини амалга ошириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш ишлари давом этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ахборот-кутубхона соҳасининг ривожланишида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси асосий тимсол ҳисобланади. Мамлакатимизнинг Бош кутубхонасини халқаро анжуманнинг юбилейи билан табриклашга ижозат бергайсиз, ҳамиша замон билан ҳамнафас бўлишини, ёшларни китоблар жилоси билан ўзига ром этувчи макон бўлиб қолишини, доимо янги ютуқлар ва ижодий кашфиётлар сари илдам қадам ташлашини тилайман.

Ишончим комилки, Форум иштирокчилар хотирасида ёрқин таассуротлар билан сақланиб қолади, зеро, уч кунлик тадбирлар мутолаани қўллаб-қувватлаш, истиқболли ҳамкорлик ва муҳим лойиҳаларни амалга оширишда тажриба алмашиш имконини беради.

Сўзим якунида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга меҳмондўстлик учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Шунингдек, Ўзбекистонга келиб, анжуманда иштирок этиш имкониятини қўлдан бой бермаган хорижлик меҳмонларимиз ва қатнашчиларимизга ҳам алоҳида ташаккур айтаман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Увеличить на0%