Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди

27.06.2022, 22:22

Бугун пойтахтимиздаги «Hyatt» меҳмонхонасида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари — Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Президент Фармонига кўра тақдирланган фидойи журналистлар, медиа, матбаа ва кутубхона тизими вакилларига мукофотларни тантанали равишда топширди.

Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев ҳамда бошқа масъул мутасаддилар иштирок этди.

Тантанали кеча давомида унвон, орден ва медал билан тақдирланган соҳа вакиллари ҳам сўз олиб, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни, самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ходимларнинг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр билдириб, кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдиришди.


Увеличить на0%