АОКАда конституциявий қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

28.06.2022, 12:12

Бугун Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов, марказий аппарат, тизим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалар ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Тадбирда Конституциявий комиссияга бир ой давомида келиб тушган 60 мингдан ортиқ таклифлар мамлакатимизда 2016 йилдан бошланган очиқлик, ошкоралик сиёсатининг амалий натижаси сифатида намоён бўлгани таъкидланди.


Қайд этилганидек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимизда янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирмоқда.


Ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар бўлди. Бу эса Бош қомусимизда «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатмоқда.


Давра суҳбатида Минҳожиддин Ҳожиматов қонун лойиҳаси билан Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартириш киритиш назарда тутилаётгани, шунингдек, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилаётганини қайд этди. Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашдек эзгу мақсадларга қаратилгани эътироф этилди.


Увеличить на0%