Тошкентда кикбоксинг бўйича «Uzbekistan Open» II-халқаро турнири бошланди

30.06.2022, 22:30

Бугун пойтахтимиздаги муҳташам Юнусобод спорт мажмуасида Бутунжаҳон кикбоксинг ассоциацияси (WAKO), Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси ҳамкорлигида кикбоксинг бўйича ташкил этилган нуфузли «Uzbekistan Open» II-халқаро мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда WAKO вице-президенти Салим Кайижи, АОКА директори – Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси президенти Асаджон Ходжаев, Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, хорижий давлатлар делегациялари раҳбарлари, дипломатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, етакчи компаниялар раҳбарлари, кикбоксинг спорти юлдузлари, ОАВ ходимлари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбир очилишида сўз олган Асаджон Ходжаев бугун мамлакатимизда кўплаб соҳалар қатори спортни ривожлантиришда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу йўлда жисмоний соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш асосий устувор вазифа сифатида Президентимизнинг алоҳида эътиборида тургани, юртимизда бир қанча нуфузли халқаро турнирлар, чемпионатлар мунтазам ўтказиб келинаётгани ва уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бораётганини таъкидлади.

«Келгусида кикбоксинг бўйича Осиё чемпионати ва Жаҳон кубоги каби муҳим мусобақаларни ҳам Ўзбекистонда ўтказишга бел боғлаганмиз, яқин йилларда мамлакатимизда Осиё чемпионатини ўтказиш ташаббуси билан чиқамиз. «Uzbekistan open» халқаро туринирини келгусида туризм маркази ҳисобланувчи Самарқанд, Бухоро, Хива каби довруғи бутун дунёга етган бошқа ҳудудларда ҳам ўтказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик», — деди А.Ходжаев.

Шунингдек, бугунги тадбир ташкилотчилари, ҳомийлар, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ҳукумат вакилларига, WAKO президенти жаноб Рой Беккерга миннатдорлик билдирилди.

Очилиш маросимида Бутунжаҳон кикбоксинг ассоциацияси вице-президенти Салим Кайижи ҳам нутқ сўзлаб, мусобақа учун кўрилган тайёргарлик даражаси, яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолади, бу спорт ва дўстлик байрами иштирокчилар учун ёрқин, унутилмас, ғалабали лаҳзаларни тақдим этишини тилади.

29 июндан 3 июлга қадар давом этадиган «Uzbekistan Open» II-халқаро турнирида 23 та хорижий давлатдан энг сара 600 га яқин қатнашчи, маҳаллий 1100 та кикбоксинг усталари 6 та йўналиш бўйича куч синашади. Мусобақа доирасида Кикбоксинг-Про промоушени камари учун профессионал тоифадаги Европа ва ўзбек спортчилари иштирокидаги жанглар ҳам бўлиб ўтади.



Увеличить на0%