АОКАда ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси билан учрашув ўтказилди

19.07.2022, 20:30

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Овоз беришнинг янги технологиялари бўйича ДИИҲБ катта маслаҳатчиси Владимир Мисев, ДИИҲБнинг Сайловлар бўйича маслаҳатчиси Ксения Дашуцина, АОКА директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов ва Агентлик масъул мутасаддилари иштирок этди.


Мулоқот давомида Агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари, Ўзбекистонда ахборот соҳасини либераллаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда давлат идоралари очиқлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ролини ошириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.

Учрашувда хорижий меҳмонларни қизиқтирган қатор саволларга жавоб қайтарилди, шунингдек, сайлов жараёнларида АОКАнинг роли, Агентликнинг миллий масс-медиа ва матбуот хизматлари билан ўзаро муносабатлари, ахборот қонунчилигига риоя қилишнинг муаммо ва ечимлари, ахборот хизматлари ва давлат тузилмаларининг матбуотдаги танқидларга конструктив жавоб қайтариш механизмига оид масалалар бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, ЕХҲТ тизими билан алоқалар самарали ривожланиб бораётгани ва ташкилот тарафидан билдирилган тавсиялар доимо эътиборда бўлиши таъкидланди. Тадбир якунида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу берилди.


Увеличить на0%