Қўқонда қайта таъмирланган Амирий кутубхонаси ўз фаолиятини бошлади

24.09.2022, 14:00

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида аҳолига ахборот-кутубхона хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш ҳамда соҳада ягона бошқарув тизимини жорий этиш ҳамда китобхонликни кенг оммалаштириш вазифалари белгиланган.

Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва улардаги китобхонлик маданиятини янада ошириш мақсадида  Республика бўйлаб мавжуд ахборот-ресурс марказлари фаолиятини, кутубхоналар базасини замонавий, хорижий китоблар билан бойитиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда тубдан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан замон талабларига мос қайта таъмирланган, АОКА тасарруфидаги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона тизимида бўлган Амирий кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.


Барча шароитларга эга кутубхона 70 ўринли бўлиб, унда библиография, китобларга ишлов бериш ва сақлаш, китобхонларга хизмат кўрсатиш, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда болалар учун ажратилган махсус бўлимлар фаолият олиб бормоқда. 


Амирий кутубхонасига Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан замонавий очиқ китоб жавонлари совға қилинди. Шунингдек, кутубхона моддий техник базасини ривожлантириш мақсадида кутубхона ходимлари ўз лойиҳалари билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этиб, ғолиб бўлдилар. 


Кутубхона фондини янада бойитиш мақсадида, кутубхоначилар ташаббуси билан “Кутубхона фондини бойитамиз” шиори остида акция ташкил этилди. Ўтказилган акция давомида китобсевар юртдошларимиз томонидан 60 млн. сўмдан ортиқ  жами 2 мингда зиёд адабиётлар совға қилинди. Ҳозирги кунда Амирий кутубхонаси 120 мингдан ортиқ умумий фондга эга.


Қўқон шаҳар аҳолиси учун яратилган ушбу кутубхона барча китобсеварлар учун битмас илм хазинаси бўлади ва изланувчан ёшларнинг билимларини оширишда энг керакли маскан бўлиб хизмат қилади. 


Увеличить на0%