“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун ижроси юзасидан тадбир ташкил этилди

18.11.2022, 19:00

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолатини Тошкент шаҳри мисолида ўрганишга бағишланган назорат-таҳлил тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев, Қўмита аъзоси Умиджон Жабборов, АОКА директори ўринбосари Ғайрат Бозоров, шунингдек, Агентликнинг бошқа масъул ходимлари, депутатлар, давлат ва хусусий нашриётлар мутасаддилари, матбаа корхоналари ва китоб савдоси ташкилотлари вакиллари қатнашди. Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи ноширлик, матбаа ва китоб савдоси субъектларининг “онлайн” иштироки таъминланди.

Таъкидланишича, ноширлик хизматлари бозорида яратилган тенг имкониятлар ва шароитлар натижасида соҳада фаолият юритувчи субъектларнинг сони сезиларли даражада ортиб, соғлом рақобат муҳити шаклланиб бормоқда. Масалан, 2019 йилда республикамизда 227 та нашриёт фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони салкам 360 тага етди. Энг муҳими, бу нашриётларнинг 41 таси давлат тасарруфидаги корхоналар бўлса, қарийб 320 таси хусусий тадбиркорлик субъектларига тегишли. Матбаачиликдаги кўрсаткичлар ҳам сезиларли даражада ошди. Жумладан, 2022 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига республикамиздаги матбаа корхоналарининг сони 1746 тага етди. Уларнинг 1660 таси хусусий корхоналардир.

АОКАда ўтказилган йиғилишда қайд этилишича, соҳада фаолият кўрсатаётган нашриётлар сонининг ўсиши, табиий равишда, нашр этилаётган китоб маҳсулотларининг номлари, турлари ва ададининг кўпайиши ҳамда аҳолининг китоб маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини янада тўлиқроқ қондиришга замин яратмоқда. Хусусан, 2019-2022 йиллар мобайнида нашриётлар томонидан жами 28 565 номда 242,2 млн. нусхада китоб маҳсулотлари нашр этилган. Уларнинг 132,0 млн. нусхасини адабий-бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларни ташкил этди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғ.Бозоров “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини оммалаштириш вазифаси ҳам алоҳида белгилаб қўйилгани, бу борада Тошкент шаҳрида ва республика миқёсида амалга оширилган кенг кўламли ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

“Фурсатдан фойдаланиб, АОКА ташаббуси билан 2023 йил январь ойида ноширлик соҳасига бағишланган Нашриётлар форумини ўтказиш режалаштирилганини маълум қилмоқчиман. Ўйлайманки, мазкур анжуманда яна бир бор “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун ижроси доирасидаги ишларни таҳлил қилиб, эришилган ютуқ ва камчиликлар ҳамда муаммоларни ўрганиб чиқиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб оламиз”, — деди Ғ.Бозоров.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган йиғилиш давомида ноширлик, матбаачилик соҳаси ҳамда китоб бозорини ўрганиш бўйича ўтказилган таҳлиллар натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Сифатсиз ва контрафакт матбаа маҳсулотлари реализациясининг олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан таклифлар билдирилди. Соҳада ечимини кутаётган ва ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.




Увеличить на0%