Жамоатчилик кенгаши

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 2020 йил “10” ноябрдаги

180-сон буйруғи билан қабул қилинган

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги

Жамоатчилик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик, деб юритилади) ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг (кейинги ўринларда – Жамоатчилик кенгаши) асосий вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.

3. Жамоатчилик кенгаши Агентликнинг марказий аппарати ҳузурида ташкил этилади ва унинг фаолияти мазкур давлат органининг барча ҳудудий бўлинмалари ҳамда тасарруфидаги ташкилотларига татбиқ этилади.

4. Жамоатчилик кенгаши Агентлик директорининг буйруғи билан ташкил этилади.

5. Жамоатчилик кенгашининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.

6. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

7. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисида низом ва унга киритиладиган ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

2-боб. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


8. Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлашда иштирок этиш, мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, медиа-бозорда улар учун тенг шароитлар яратиш, шунингдек, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қатнашиш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан Агентликнинг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан, уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

мамлакатимиз фуқаролари ва юридик шахсларининг ахборотларни тайёрлаш, тарқатиш, улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашиш, Агентлик фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиришда, шу жумладан, уларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашишда қатнашиш;

ахборот хавфсизлигини таьминлаш, ахборот соҳасидаги хуруж ва таҳдидларнинг олдини олишга ҳамда уларга қарши ўз вақтида ва муносиб равишда курашишга қаратилган чораларни амалга оширишда иштирок этиш;

Агентлик фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, инвестициялар киритиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун яратилган қулай шароитларни, аввало, хорижий ишбилармон доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғиб этиш ва кенг хабардор қилиш масалаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорлик қилишда иштирок этиш;

ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини умумлаштириш, оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илгари суриш ва ишлаб чиқиш жараёнида қатнашиш;

журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона корхоналари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, тармоқнинг муҳандислик-техник мутахассисларини тайёрлашда кўмаклашиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда иштирок этиш;

Агентликнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа корхоналари, ахборот-кутубхоналар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун “кўприк” ролини бажариш;

оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва таъминлашда иштирок этиш, шунингдек, инвестициялар жалб этиш ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш жараёнида қатнашиш;

оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятида қонун ҳужжатлари, техник регламент ва давлат стандартларига риоя этилиши, сўз ва ахборот эркинлиги кафолатларига риоя этилиши борасида мониторинг ва назоратни амалга оширишда Агентлик билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

китоб тарғиботи орқали халқимиз маьнавиятини юксалтириш, китоб мутолааси маданиятини ошириш ва уни кенг тарғиб қилиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нашрларнинг чоп этилиши бўйича мақсадли дастурларни тайёрлаш ва ижросини ташкил қилишда иштирок этиш;

Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этиш;

хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга китоб маҳсулотларининг халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида кўмаклашиш, Агентлик фаолиятини ислоҳ қилишда фуқаролар иштирок этиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Агентлик томонидан ўтказиладиган барча матбуот анжуманлари, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

Агентлик ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш бўйича муаммоларни комплекс таҳлил қилиш ҳамда таҳлил якунлари бўйича мазкур шароитларни яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш.

9. Жамоатчилик кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Агентликнинг фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббуслари ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат органига тегишли таклифлар киритади;

Агентликнинг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини таҳлил қилади, шунингдек, ҳамкорликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Агентлик фаолиятига тааллуқли унинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва қарорларини такомиллаштириш, улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек, киритилган таклифларни Агентлик ходимлари ўртасида муҳокама қилишга бағишланган тадбирларни ташкил этишда қатнашади;

давлат дастурлари лойиҳаларини, тадбирлар режаларини ва Агентлик фаолиятига тааллуқли, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлайди, қабул қилинган дастурларни амалга оширишда ваколатлари доирасида иштирок этади, бажарилган ишларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, шунингдек, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг фуқаролар билан учрашувларини, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ишларни ташкил этишда, шу жумладан, жойларга бориб ташкил этишда қатнашади, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказади;

Агентлик ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини яхшилашда, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш муаммоларини ҳал этишда кўмаклашади;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари бўйича Агентлик ходимлари ўртасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этади;

Агентликда, унинг ҳудудий бўлинмаларида ва тасарруфидаги ташкилотларида соғлом ишчанлик муҳитини ривожлантириш, қонунийликни, юксак ҳуқуқий маданият ва ахлоқийликни таъминлаш, ходимларда Ватанга содиқлик руҳини ва қонунларга бўлган ҳурматни кучайтириш, уларни ижтимоий, сиёсий, руҳий ва маънавий-маърифий камол топтириш, шунингдек, мазкур соҳадаги илмий-маърифий адабиётларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

мамлакатда ва хорижда кенг жамоатчиликни Агентлик фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилишни таъминлайди ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Агентлик фаолиятига бағишланган илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатларини ташкил этишда иштирок этади;

Агентлик фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича бажарилаётган ишларнинг натижаларини таҳлил қилади, уларнинг самарадорлигини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади.

10. Жамоатчилик кенгаши зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:

Агентлик томонидан ташкил этиладиган оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлари раҳбарларига Жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

Агентлик фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган давлат органининг ахборотлари, статистика ва бошқа материалларини белгиланган тартибда олиш;

Агентлик томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига давлат органи томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;

Жамоатчилик кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

юклатилган вазифаларни бажариш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Жамоатчилик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

11. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда:

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга амал қилиши;

Агентлик ва унинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;

Агентлик ва унинг мансабдор шахслари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;

фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиши шарт.

Жамоатчилик кенгашининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

3-боб. Жамоатчилик кенгашининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби

12. Жамоатчилик кенгашининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради.

13. Жамоатчилик кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, давлат органида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилинади.

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг сони чекланмаган.

14. Жамоатчилик кенгашининг таркиби Агентлик директорининг буйруғи билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.

15. Қуйидаги ҳолатларда Жамоатчилик кенгашининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:

улар томонидан жамоатчилик кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;

Жамоатчилик кенгашининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.

16. Жамоатчилик кенгашининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар ва унга киритилган ўзгартишлар улар тасдиқланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

17. Жамоатчилик кенгашининг раиси:

Жамоатчилик кенгашининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Жамоатчилик кенгашининг мажлисларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;

Жамоатчилик кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

Жамоатчилик кенгашининг иш режасини, мажлиси баённомасини ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилади;

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;

Агентликнинг расмий веб-сайтида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган Жамоатчилик кенгашининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни Агентлик директори билан келишади;

Жамоатчилик кенгаши қарорларини бажариш масалалари юзасидан Агентлик директори билан ҳамкорлик қилади;

Жамоатчилик кенгаши ишининг самарадорлигини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

18. Жамоатчилик кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.

19. Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари:

раис йўқлигида Жамоатчилик кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, Жамоатчилик кенгаши фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

Жамоатчилик кенгаши ишининг самарадорлигини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

20. Жамоатчилик кенгашининг котиби:

Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий

ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Агентлик ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

кун тартибига мувофиқ Жамоатчилик кенгаши мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Жамоатчилик кенгаши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Жамоатчилик кенгашининг раиси билан келишади;

Жамоатчилик кенгашининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Жамоатчилик кенгаши мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини Жамоатчилик кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга етказилишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

21. Жамоатчилик кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

Жамоатчилик кенгашининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.

Жамоатчилик кенгашининг аъзолари:

ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун Агентлик томонидан ташкил этиладиган ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;

Жамоатчилик кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни Жамоатчилик кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;

Агентлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;

Агентлик ходимлари, уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифларни Жамоатчилик кенгашига киритади;

Жамоатчилик кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Жамоатчилик кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Жамоатчилик кенгашининг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

22. Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисида кўриб чиқилади. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси унинг иш режалари асосида ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.

Жамоатчилик кенгашининг раиси Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлисини чақириши мумкин.

23. Жамоатчилик кенгашининг мажлисларига бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.

24. Жамоатчилик кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари ва Жамоатчилик кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.

25. Жамоатчилик кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.

Жамоатчилик кенгашининг мажлисида Агентлик директори, унинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.

26. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси, агар унда Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Жамоатчилик кенгашининг мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.

27. Жамоатчилик кенгашининг қарори мажлисда иштирок этаётган Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

28. Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.

29. Жамоатчилик кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда Агентликка, Жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва манфаатдор шахсларга юборилади.

30. Жамоатчилик кенгашининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурияти туғилганда, унинг раиси ташаббуси билан қарор Жамоатчилик кенгашининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.

Агентлик Жамоатчилик кенгашининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, Жамоатчилик кенгашининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.

31. Жамоатчилик кенгашининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида Жамоатчилик кенгаши қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, Жамоатчилик кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.


4-боб. Якунловчи қоидалар


32. Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Агентлик томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

33. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти унинг низомига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ экани Агентлик директори томонидан назорат қилинади. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги

Жамоатчилик кенгаши 

ТАРКИБИ


1. Дилшод Саиджонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Жамоатчилик кенгаши раиси

2. Мадамин Сафаров Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси ўринбосари, Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари 

3. Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

4. Шуҳрат Аҳмедов “KOLORPAK” МЧЖ таъсисчиси, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

5. Мақсуджон Асқаров “WEB EXPERT” МЧЖ директори, “kun.uz” веб-сайти раҳбари, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

6. Салим Дониёров “Янги Ўзбекистон” – “Правда Востока” газеталари Бош муҳаррири, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

7. Беруний Алимов филология фанлари бўйича фалсафа доктори, 

ЎзЖОКУ катта ўқитувчиси, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

8. Умида Тешабоева Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

9. Равшан Жўраев “UzReport” ахборот агентлиги директори, Жамоатчилик кенгаши аъзоси 

10. Ражаб Ражабов Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директори ўринбосари, “Renessans TV” телеканали директори

11. Абдуғани Абдураҳмонов “Хабар” газетаси ва “xabar.uz” веб-сайти бош муҳаррири, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

12. Нозима Муродова ЎзЖОКУ проректори, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

13. Барно Мадалиева “darakchi.uz” веб-сайти бош муҳаррири, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

14. Рустам Раимов “Credo Print Group” МЧЖ директори, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

15. Севара Ўринбоева Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

16. Азамат Отажонов “gazeta.uz” веб-сайти бош муҳаррири, Жамоатчилик кенгаши аъзоси

17. Маъмуржон Парпиев Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи, Жамоатчилик кенгаши котиби

Увеличить на0%