Агентликда Call-марказ ишга тушди

02.02.2021, 15:00

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда тизимдаги ташкилотлар фаолияти борасида мурожаат, таклиф ёки шикоятларингиз борми?

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 1213 рақамли Call-марказ йўлга қўйилди.

1213 рақамли Call-марказга қандай масалаларда қўнғироқ қилиш мумкин?

— ОАВнинг муайян тури, хусусий нашриёт, полиграфия хизматлари фаолиятини лицензиялаш бўйича;

— контрафакт канцелярия маҳсулотлари ёки китоб ва босма нашрлар бўйича;

— тизимдаги ташкилотлар фаолияти бўйича;

— ОАВ, ахборот хизматлари, электрон ва босма матбуот, телерадиокомпаниялар фаолияти бўйича;

— ахборот олиш эркинлиги, журналистик фаолият борасида ҳамда соҳага тегишли аниқ ва конкрет масалалар юзасидан жисмоний ва юридк шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинади.

1213 рақамли Call-марказга телефон орқали қолдирилган мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида кўриб чиқилади.

1213 рақамли Call-марказга қўнғироқ қилиш қоидалари:

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда барча телефон мосламаларидан қисқа 1213 рақамини териш орқали қўнғироқ қилинади.

Қўнғироқ қилиш ва мурожаат этишда Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига риоя этиш лозим:

— Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар берилиши керак.

— Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи кўрсатилган, шунингдек мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёдда тутинг!

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни 38-моддасига асосан, Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган.

Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 237-моддасига асосан, ёлғон баён этилган маълумот, яъни жиноят тўғрисида била туриб ёлғон хабар етказиш учун жавобгарлик назарда тутилган. 

Увеличить на0%