РАСМИЙ БАЁНОТ

08.04.2021, 19:00

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Қоракўлчилик” уюшмаси бошқарув раисининг матбуот котиби Дилшод Истамовнинг Effect.uz сайти ходими Аъзам Хўжақулов билан телефон орқали мулоқотининг аудио ёзуви Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўрганиб чиқилди.

Агентлик бўлиб ўтган мулоқотда матбуот котиби ўзини нопрофессионал ҳамда этика меъёрларига зид тутган, дея баҳолайди. Шу билан бирга, матбуот котиби томонидан АОКА тўғрисида нотўғри маълумот берилганини маълум қилади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366-сон Қарорида оммавий ахборот воситаларининг фаолияти учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматларининг асосий вазифаси этиб белгиланган.

“Қоракўлчилик” уюшмаси бошқарув раисининг матбуот котиби Дилшод Истамов Effect.uz сайти ходимини ҳақорат қилганлиги бу жуда ачинарли ҳолат бўлиб, ҳақорат қилганлик учун қонунчиликда ўрнатилган тартибда жазо белгиланганини унутмаслик керак.

Таъкидлаш жоизки, АОКА учун матбуот котиблари фаолиятини мувофиқлаштириш жараёнида ахборот хизматларининг ОАВ ва блогерларга очиқлигини таъминлаш, улар орасида конструктив мулоқотни ташкил этиш масалалари бош мезон ҳисобланади.

Шу ўринда ташкилот ва идораларнинг матбуот котибларига ОАВ, хусусан, Effect.uz сайти ходимларига қайсидир масалада изоҳ бермаслик борасида оғзаки ёки ёзма равишда кўрсатма берилмаганини маълум қиламиз. 

АОКА барча даражадаги матбуот котиблари журналист ва блогерлар билан мунтазам равишда яқин ҳамкорлик асосида фаолият кўрсатиши тарафдори.

Қайд этиш жоизки, мазкур ҳолатда Effect.uz сайти мухбири ҳам қонун талабига риоя этмаган. 

Хусусан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун (6-модда)га мувофиқ, журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас. 

Агентлик, ўз ўрнида, барча ахборот хизмати вакилларини ОАВ ҳамда жамоатчилик билан мунтазам мулоқот асосида шаффоф ишлашга, журналист ва блогерларни эса соҳага оид қонунчиликка мувофиқ фаолият кўрсатишга чақиради. Матбуот котиблари ҳамда ОАВ ва блогерлар ўртасидаги ҳамкорлик эса мавжуд муаммоларни конструктив ҳал этиш, жамоатчиликка муҳим масалаларнинг ўз вақтида ва холис етказилишига хизмат қилади.

Увеличить на0%