Бокуда Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасида йиғилиш ўтказилди

10.04.2021, 17:31

Хабар берилганидек, шу кунларда Озарбайжоннинг Боку ва Агдам шаҳарларида Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасида йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этяпти. 

Йиғилишни Туркий Кенгаш бош котиби Багдад Амреев очиб берди.

Бугунги муҳокамаларда Кенгашга аъзо мамлакатларнинг оммавий ахборот воситаларига маъсул бўлган вазир ва юқори мансабдор шахслари иштирок этди. Хусусан, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Венгрия мамлакатлари вакиллари ахборот ва медиа соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилишда Туркий Кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасида ахборот соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситаларининг ўзаро тажриба алмашиши учун имконият яратиш, ҳамкорликда бадиий фильмлар, сериаллар, туркий давлатлар тарихи ҳамда маданияти ҳақида ҳужжатли фильмлар яратиш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, Халқаро туркий янгиликлар телеканали очиш бўйича таклиф билдирилди.

Йиғилишда АОКА директори А. Ходжаев ўз маърузаси билан иштирок этди. У ўз нутқида Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида қатор таклифларини билдирди.

Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасида йиғилиш эртага якунланади.


Увеличить на0%