Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партиялар ахборот хизматлари учун семинар-тренинг бошланди
Жорий йилда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтади.
Мазкур муҳим сиёсий тадбирда юртимиздаги сиёсий партиялар ўз номзодлари билан иштирок этади. Сайловни очиқ, ошкора ва шаффоф ўтишини таъминлайдиган муҳим омиллардан бири бу оммавий ахборот воситаларида сайлов ва сайловолди жараёнларини ёритиб боришдир. Бу ишларни сифатли, тезкор, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб ташкил этишда Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партиялар ахборот хизматларининг ўрни ниҳоятда катта.
Шу боис Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан Ноширлик-матбаа соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежида Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партиялар ахборот хизматлари раҳбарлари ва ходимлари учун «Ахборот хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий PR ёндашувлар» мавзуида беш кунлик семинар-тренинг ташкил этилмоқда.
Семинар-тренингларда мамлакатимиздаги энг таниқли ва тажрибали PR мутахассислар партиялар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш, сайлов жараёнида ОАВ билан алоқаларнинг ўзига хос жиҳатларини қамраб олган “Сайлов жараёнида ОАВ билан алоқаларнинг ўзига хослиги”, “Замонавий медиа муҳитида кризис коммуникациялар ва уларни бошқариш”, “Провакацион саволлар ва ҳолатларга қандай жавоб бериш керак?”, “Сайловда PR технологиялар”, “Ижтимоий тармоқлар учун медиа матн тайёрлашда онлайн инструментлардан фойдаланиш” каби мавзуларда маълумотлар тақдим этишмоқда.
Семинар якунида тингловчиларга махсус сертификатлар топширилади.