Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолиятининг уч йиллигига бағишланган конференция ўтказилди
Бугун Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети очилганининг уч йиллигига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда соҳа мутасаддилари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар матбуот котиблари, ОАВ раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.
Конференцияда Ўзбекистон Президенти Админинистрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ҳам иштирок этди ва университет раҳбарияти, ўқитувчилар ҳамда талабаларни уч йиллик фаолият билан табриклади.
«Ушбу университет соҳага зарур кадрлар етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга, — деди АОКА раҳбари. — Соҳадаги бугунги ислоҳотларни тўлақонли амалга ошириш учун ҳам малакали, замонавий билимларни пухта эгаллаган кадрлар жуда зарур. Бу борада Агентлигимиз ҳар жиҳатдан кўмак беришга ва қўллаб-қувватлашга тайёр».
Тадбир доирасида журналистика фаолият турлари бўйича шўъбаларга бўлинган ҳолда, мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари, маъруза ва тақдимотлар ўтказилди. Хусусан, «Глобаллашув даврида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда журналистиканинг ўрни», «Журналист кадрларни тайёрлашда фан ва амалиёт муштараклиги», «Замонавий телерадиожурналистика: долзарб масалалар», «Ҳамонавий медиамуҳитда ПР-коммуникациянинг янги трендлари» каби мавзулар соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама қилинди.