АОКАга Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро делегацияси ташриф буюрди

26.05.2021, 15:40

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ва мутасадди ходимлари ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси вакилларини қабул қилишди. Делегация билан учрашувда мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.


АОКА директори Асаджон Ходжаев меҳмонларга сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида сўзлади. Шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида барча давлат органлари ва идоралари билан ҳамкорликда ҳар куни бир нечта матбуот анжуманлари, брифинглар, вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда мутасаддилари билан интервьюлар ташкиллаштирилиши, тадбирлар ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тезкорлик билан онлайн режимда ёритилишини ҳам айтиб ўтди.

А. Ходжаев таъкидлашича, параллел равишда расмий мулоҳазаларни чоп этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, медиа майдонда тарқатилган ҳар бир ахборотга шарҳ ва изоҳлар  тақдим қилинмоқда. АОКА ва давлат органлари матбуот котиблари билан ҳамкорликда фуқароларнинг мурожаатларига тезкорлик билан жавоб қайтарилмоқда. Шу мақсадда Агентликда қисқа рақамли 1213  колл-марказ фаолияти йўлга қўйилган.


Агентлик директори делегация вакилларига Ўзбекистонда қонунчилик даражасида Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилишни назарда тутувчи модда бекор қилингани ва бошка либераллаштириш жараёнлари олиб борилаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, ОАВ рўйхатга олиш механизми енгиллаштирилганини ҳам қўшимча қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон дунёнинг барча ривожланаётган давлатлари каби бир неча йиллардан буён долзарблигини йўқотмаётган ахборот соҳасидаги айрим муаммоларга дуч келмоқда. Жумладан, ёлғон (фейк) ахборотлар сонининг ортиб бораётгани, Интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кибербуллинглар юзага келаётгани ва ҳоказо.


Бугунги кунда Ўзбекистон хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар, шу жумладан ЕХҲТнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда демократик тамойиллар асосида юзага келаётган масалаларни ҳал этишни мақсад қилган.

Учрашув давомида томонлар мутахассислар тажрибасини алмашиш, ЕХҲТ га аъзо давлатларнинг тегишли ҳуқуқий нормаларини ўрганиш борасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишишди. 

ЕХҲТ ДИИҲБ, ўз навбатида, ОАВ фаолиятини ривожлантириш, давлат органлари очиқлиги ҳамда ахборот олиш эркинлигини таъминлаш, шунингдек, даврий семинар-тренинглар ташкиллаштириш орқали журналистларнинг касбий билим ва тажрибаларини оширишга йўналтирилган қонунчилик лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича юридик хулоса тақдим этишда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.



Увеличить на0%