Асаджон Ходжаев Сурхондарё вилоятидаги ОАВ, ахборот хизматлари, нашриёт ва кутубхоналар фаолияти билан танишди

04.06.2021, 09:27

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ва масъул ходимлар  хизмат сафари билан Сурхондарё вилоятига келди. Агентлик мутасаддилари сафарнинг биринчи кунида режалаштирилган тадбирлар доирасида қатор учрашувларни ўтказди.

****

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоят ташкилотлари ва идоралари ахборот хизматлари раҳбарлари билан учрашувда АОКА директори медиа макондаги муаммоли вазиятларга тўғри ечим топишда объектив ва касбий этика нуқтаи назаридан ёндашиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

Агентлик томонидан маҳаллий  давлат ҳокимияти органлари, идора ва ташкилотлар ахборот хизматлари фаолияти баҳолаб борилади. Учрашувда мазкур рейтингларда паст ўринларни эгаллаган ахборот хизматлари фаолияти танқид қилинди, ҳудудий медиа-режаларнинг ўз вақтида, самарали ижро этилиши лозимлиги қайд этилди.


«Ташкилотингизнинг фаолияти тўғрисида кўпроқ ахборот бериш, янгича усул ва коммуникациялардан фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш лозим. ОАВ ва мустақил журналистлар билан кўпроқ ишланг, уларга яқин бўлинг», деди Агентлик директори.

****

АОКА раҳбари кун давомида сурхондарёлик журналистлар билан ҳам учрашди. Унда бугунги кунда мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.

Бугунги кунда вилоятда 40 дан зиёд ОАВ фаолият кўрсатаётган бўлса-да, улар орасида интернет нашрлари сони атиги тўртта. Бу эса вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир ахборотларни аҳолига ўз вақтида етказиш имкониятини чеклайди. Босма нашрларда эълон қилинаётган материаллар эса улар чоп этилгунга қадар эскириб қоляпти. 



«Ахборот тарқатиш тезлиги бўйича ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар билан рақобатлашиш қийин. Шу боис бундай ҳолатда фақатгина чуқур таҳлилий материаллар орқалигина ўқувчи эътиборини қозониш мумкин, — дея таъкидлади А.Ходжаев. — Эълон қилинаётган материаллар сифати юқори бўлса, нашр ўқувчилари сафи ҳам кенгаяди».

****

АОКА раҳбари Сурхондарё вилоятига хизмат сафари давомида вилоятдаги нашриёт-матбаа корхоналари раҳбарлари билан учрашди ва нашриётлар, матбаа корхоналари фаолиятини ривожлантириш юзасидан фикр алмашди. 

Агентлик директори А.Ходжаев матбаа маҳсулотларининг сифати, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, бу борада Агентлик томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.


Учрашувда чоп этилаётган китобларни илғор технологиялар билан бойитиш кераклиги таъкидланди. «Ҳар бир китобнинг QR коди, мобил қурилмалар ёрдамида ўқиш мумкин бўлган 3D кўринишлари бўлса, ундан нусха кўчириш имконияти ҳам бўлмайди. Шу боис нашриётларимиз ҳам замонга, унинг талабларига мослашиши зарур», — дея таъкидлади Асаджон Ходжаев.

****

Асаджон Ходжаев Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона маркази фаолияти билан танишди ва ундаги китоб фондларини кўздан кечирди. Агентлик раҳбари сурхондарёлик билимга, адабиётга чанқоқ ёшлар учун вилоят кутубхонасининг фондини янада бойитиш зарурлигини таъкидлади. 

«Кутубхона — инсоннинг камолотга эришишида энг муҳим воситалардан бири. Бу ерда бадиий, илмий, публицистик асарлар қанча кўп бўлса, маҳаллий аҳоли ва, айниқса, ёшлар  учун шунча фойдали бўлади», — деди А.Ходжаев.

Кутубхона ходимлари билан учрашувда унинг фаолиятини ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўллари ҳақида фикр алмашилди. Керакли тавсия ва таклифлар берилиб, Агентлик бу борада ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрлиги қайд этилди.

Увеличить на0%