Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутасаддилари Жиззах вилоятида хизмат сафарида бўлишди.

05.06.2021, 21:05

АОКА директори Асаджон Ходжаев ва вилоят ҳокими Эргаш Салиев билан ўтказилган учрашувда вилоятда ахборот соҳасида амалга оширилаётган ишлар, ҳудудда фаолият кўрсатаётган ОАВ ҳамда блогерларни қўллаб-қувватлаш, босма ва электрон нашрлар олдида турган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. 


Учрашувда вилоят ҳокими Э. Салиев вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар ОАВда кенг ва холис ёритилаётгани, бунда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ўрни катта бўлаётганини таъкидлади. 

Шунингдек, АОКА раҳбари ҳиндистонлик мутахассислар кўмагида фаолият кўрсатаётган IT-park фаолияти билан танишди.


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоятда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва идораларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашув медиа макондаги энг муҳим масалаларга бағишланди. 

Учрашувда ОАВ ва блогерлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, ўз ташкилотининг очиқлигини таъминлаш, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган масалалар бўйича муносабат билдириш, замонавий RR-технологияларни пухта эгаллаш — ахборот хизматларининг энг асосий вазифаларидан экани қайд этилди. 


Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ўтказилган учрашув самимий ва дўстона мулоқот шаклида ўтди. ОАВ ходимлари мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини ўз фаолиятларида гувоҳи бўлаётганини алоҳида таъкидладилар. 

Учрашувда очиқликни таъминлаш, ҳудудларда ахборот олиш ва уни эркин тарқатиш бўйича мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида фикр алмашилди.


Вилоятдаги нашриёт-матбаа корхоналари раҳбарлари билан учрашувда эса чоп этилаётган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилди. Контрафакт маҳсулотлари болаларнинг соғлигига ҳам, билим олишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди. Шу боис замонавий технологиялар ёрдамида контрафактнинг олдини олиш ва китобхонлар сонини ошириш лозимлиги қайд этилди.


Жиззахлик блогерлар билан учрашувда ижтимоий тармоқлар ҳамда мобил мессенжерларда эълон қилинаётган ахборотлар ислоҳотлар самарасини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилаётгани эътироф этилди. 

«Сўз эркинлиги – бу, аввало, масъулият. Танқидий фикр баҳонасида аниқ фактларга асосланмаган, турли йўллар билан жамиятда фақат салбий фикрни уйғотадиган, аҳолини давлат сиёсатига қарши йўналтирадиган материаллар эълон қилиш ҳолатлари блогосферанинг обрўсига фақат путур етказади. Шу боис холис ва ҳаққоний ишлаган блогер жамиятда ўз ўрни ва ҳурматига сазовор бўлади», — дея таъкидлади Асаджон Ходжаев. 


АОКА директори, шунингдек, вилоятда фаолият кўрсатаётган ахборот-кутубхоналар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Китобхонларга шароит яратиш, китоб фондларини бойитиш ҳамда китоб ўқувчилари сафини кўпайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар берди. 

Учрашувларда барча масалалар бўйича таклифлар билдирилди. Уларнинг ечими бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Увеличить на0%