АОКА директори Асаджон Ходжаев Андижонда матбуот котиблари билан учрашди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаевнинг Андижон вилоятига бўлган хизмат сафари доирасида маҳаллий ҳокимият органлари, ташкилот ва идораларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда ахборот хизматлари фаолияти танқидий руҳда таҳлил этилди. Хусусан, турли мунозараларга сабаб бўлаётган масалалар юзасидан ўз вақтида муносабат билдириш, ҳудудда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида расмий хабарлар бериш, ижтимоий тармоқлар имкониятидан самарали фойдаланиш, ОАВ ҳамда блогерлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш талаб даражасида эмаслиги таъкидланди. Масалан, ўтган йилнинг иккинчи ярми якуни бўйича вилоятдаги ҳеч қайси матбуот котибининг фаолияти юқори даражада деб топилмаган.
«Ахборот хизматлари фаолиятини баҳолашда пресс-тадбирлар, расмий баёнотлар, ижтимоий тармоқлардаги тўғридан-тўғри эфирлар, расмий муносабатлар ҳамда ОАВ билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз, — деди АОКА директори Асаджон Ходжаев. — Чунки бу ҳар бир матбуот котиби бажариши шарт бўлган вазифалардир. Сиз холис, ишончли ва фактларга асосланган ахборотларни ўз вақтида берсангиз, ҳеч қандай ортиқча миш-мишларга ўрин қолмайди. Ташкилотнинг очиқлиги ҳам айнан ахборот хизматига бевосита боғлиқ».
Учрашувда ахборот хизматлари томонидан медиа-режалар ижросини таъминлаш ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Ҳар бир ҳудуд бўйича белгиланган тадбирлар ўз вақтида, самарали ўтказилиши лозимлиги қайд этилди.
Шу тариқа, Андижон вилоятига сафар якунланди.