Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев Тошкент вилоятида бўлди

18.06.2021, 21:25

Бугун, 18 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев Тошкент вилоятида меҳнат қилаётган матбуот котиблари, ноширлар, журналистлар ва блогерлар билан учрашиб, соҳадаги муаммолар, мутахассисларни ўйлантираётган масалалар билан танишди. 


Дастлабки учрашув маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоят ташкилотлари ва идоралари ахборот хизматлари раҳбарлари билан ўтказилди. Унда матбуот котиблари фаолияти танқидий таҳлил этилди.

«Бугунги талаблардан келиб чиқиб, мунозарали ва танқидий материалларга ўз вақтида муносабат билдирмаган, медиа-режаларга масъулият билан ёндашмаган ёки аҳолига расмий маълумотларни тезкор етказиш пайида бўлмаган матбуот котибларига жиддийроқ чора кўришга мажбур бўламиз. Ҳар қандай ҳудуддаги асосий ва расмий манба — ахборот хизмати», — деди Асаджон Ходжаев. 


Учрашувда мавжуд муаммоларнинг ечимлари ҳақида сўз юритилди. ОАВ ҳамда блогерлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, замонавий коммуникациялардан унумли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

********

Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда нашриёт ва матбаа ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувнинг асосий мавзуси — босма ОАВ учун обуна муаммоси ҳамда газета-журналларни етказиб бериш тизимини такомиллаштириш бўлди.


Асаджон Ходжаев ўз сўзида Агентлик томонидан босма нашрларни сақлаб қолиш устида иш олиб борилаётганини қайд этди. 

«Агентлик барча ташкилот ва идораларга босма нашрларга обуна бўлиш юзасидан тавсия юборади. Чунки газета ва журналлар жамият учун қанчалик муҳим эканини яхши тушунамиз. 

Интернет ОАВ ҳамда мобил мессенжерлар янгиликларни тезкорлик билан узатишлари мумкин, бироқ уларда таҳлилий материаллар етарли эмас. Шу боис газеталар кўпроқ таҳлилий материаллар билан ўз ўқувчиларини топишлари мумкин. Материаллар тегишли экспертлар, олимлар, мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайёрланса, нашрнинг обрўси ҳам, ўқувчилари сони ҳам ортади», — дея таъкидлади АОКА директори. 


Учрашувда вилоятда чоп этилаётган нашрларда қўпол хатоликлар мавжуд экани, матбаа корхоналари эса техник стандартларга риоя этмаётганини таъкидланди. «Контрафакт маҳсулотлари, энг биринчи навбатда, мактаб ўқувчилари соғлигига зарар келтиради, — деди Асаджон Ходжаев. —Фарзандларимиз сифатсиз дафтар ва китоблардан фойдаланмаслиги учун бундай маҳсулотлар ва уларни ишлаб чиқараётганларга қарши жиддийроқ курашиш талаб этилади».  


*******

Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган блогерлар билан учрашувда мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.


Учрашувда муаммолар юзага чиқаётгани, аксарият ҳолатларда ижобий ҳал бўлаётгани жуда яхши жараён экани таъкидланди. Сўз эркинлиги — мамлакат тараққиётининг энг муҳим асосларидан бири экани алоҳида эътироф этилди. Холислик ва қонунийлик — блогер фаолиятининг асоси экани алоҳида таъкидланди. Шов-шувлар, «хайп»лар ортидан қувмаслик, расмий манбаларга мурожаат қилиш, ёлғон ахборот тарқатишдан эҳтиёт бўлиш каби масалалар муҳокама қилинди. 

Агентлик директорининг Тошкент вилоятига қилган бир кунлик сафари якунланди.

Увеличить на0%