АОКА матбуот котиблари учун пресс-тур ўтказди

23.06.2021, 10:52

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан республикамиз ҳудудлари маҳаллий ҳокимият ва давлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари учун пресс-тур ташкиллаштирди.

Кеча, 22 июнь куни пойтахтга меҳмон сифатида ташриф буюрган матбуот котиблари Давлат хизматлари агентлиги, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати фаолияти билан яқиндан танишди.

Пресс-тур давомида:

● ОАВ ва ижтимоий тармоқлар билан ишларни ташкил этиш;

● соҳага оид ахборотларни тайёрлаш ва тарқатиш;

● ташкилот имижини яратишда эътибор қаратиладиган жиҳатлар;

● кризис вазиятларда ишларни ташкил этиш каби масалалар юзасидан меҳмонлар билан тажрибалар ўртоқлашилди.

Давлат идораларига уюштирилган ташрифлардан сўнг матбуот котиблари «Sevimli» ва «Zo'r TV» телеканаллари фаолияти, янги очилган студиялари, кўрсатувларни тайёрлаш жараёнлари билан ҳам танишди. Телеканаллар муҳаррирлари билан суҳбат чоғида томошабинлар аудиториясига қандай савиядаги кўрсатувлар кўпроқ маъқуллиги, ҳудудлардаги қайси ижтимоий масалаларни, муаммоли мавзуларни кўпроқ ёритиш зарурлиги борасида фикр алмашилди.

Агентлик ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимият ва ташкилотлар ахборот хизматлари ходимлари учун бу каби пресс турларни кўплаб ташкиллаштиришни режалаштирилаётгани, шу орқали вилоятлардаги матбуот котиблари ишларини юксалтириш мақсад қилингани таъкидланди.







Увеличить на0%