АОКА директори Хоразм вилоятида хизмат сафари билан бўлиб, қатор учрашувлар ўтказди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаевнинг Хоразмга сафари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоятда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва идораларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари билан учрашув билан бошланди.
Тадбирда матбуот котиблари фаолияти танқидий таҳлил этилди. Чунки мазкур вилоят Ахборот хизматлари рейтингида пастки ўринларда қолаётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Қайд этилишича, 2020 йил иккинчи ярим йиллик якунлари бўйича Хоразмдаги мавжуд ҳокимликлар матбуот котибларидан ҳеч бири ушбу рейтингда юқори баҳо олмаган.
Агентлик директори бунинг сабабларига тўхталар экан, асосий масалалар — танқидий материлларга ўз вақтида жўяли муносабат билдирмаслик, баёнотлар «кўриб чиқилади», «ўрганиляпти» каби умумий гаплардан иборат экани, белгиланган медиа тадбирларга совуққонлик билан муносабатда бўлиш билан боғлиқ эканини таъкидлади. Масалан, 2021 йилнинг биринчи чорагида вилоятда ўтказилиши керак бўлган 150та медиа-тадбирнинг 41таси, апрель-май ойларида эса 108та тадбирнинг 15таси ташкил этилмаган.
«Ахборот хизмати ҳар бир танқидга муносабат билдириши шарт, бироқ бу шунчаки формал тусга айланиб қолмаслиги лозим. Афсуски, баъзида юзаки ва мазмунан саёз тайёрланган муносабат ва баёнотларни ҳам учратиб қоламиз. Аслида расмий муносабатдан сўнг мавзу юзасидан ортиқча саволга ўрин қолмаслиги керак», — деди Агентлик директори.
Учрашувда матбуот котибларининг касбий малакасини ошириш, ташкилотларнинг веб-сайтларини такомиллаштириш, ОАВ билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди, вазифалар ижроси йўлида тўсиқ бўлаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
Хизмат сафари давомида вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ва нашриёт-матбаа корхоналари раҳбарлари иштирокида учрашув ташкил этилиб, унда соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида фикр алмашилди.
Суҳбат давомида хоразмлик журналистларни қийнаётган асосий муаммо — худди бошқа ҳудудлар сингари босма нашрлар обунаси ва муассисларнинг молиявий масалаларга бефарқ муносабатда экани маълум бўлди. АОКА раҳбари мушкул вазиятдан чиқишда бош муҳаррирлар жонбозлик кўрсатиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
«Биз босма нашрлар олдида турган молиявий муаммоларни ҳал этиш бўйича турли чоралар ҳақида бош қотиряпмиз, — деди Асаджон Ходжаев. — Масалан, бугунги кунда интернет нашрлари реклама ва пиар мақолалар ортидан даромад топаётгани сир эмас. Газета ва журналлар ҳам рекламага алоҳида эътибор билан ёндашиши керак.
Яна бир муҳим масала шуки, айрим муассислар босма нашрларга етарлича ёрдам бермаяптилар. Ўқитувчи ёки шифокорни обунага мажбурлаш эмас, бюджетдан ташқари маблағлар эвазига жамоавий обуналар ташкил қилиш ҳам мумкин. Маҳаллий депутатлар сессияларда ушбу масалани муҳокама қилсалар, ўйлайманки, ОАВ учун катта ёрдам бўлар эди».
Суҳбат давомида мутасадди идоралар томонидан босма нашрларда эълон қилинган танқидий материалларга етарлича эътибор ва муносабат билдирилмаётгани қайд этилди. Бу борада Агентлик томонидан тегишли чоралар кўрилади.
Учрашувда, шунингдек, матбуот дўконлари фаолиятини такомиллаштириш, янги, замонавий конструкциялар асосида китоб ва газета-журналлар сотиладиган шохобчалар ташкил этиш таклифи билдирилди. Нашриётлар фаолиятини кучайтириш, ўқув дафтарлари ва китобларидаги хатоликлар ўқувчилар онгига салбий таъсир кўрсатиши алоҳида таъкидланди. Китобларни чоп этишда замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича Бухоро ва Сурхондарё тажрибаси эътироф этилди.