АОКА директори ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили билан учрашди

09.09.2021, 19:19

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ҳамда ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейру ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Тошкентда ўтказилаётган ЕХҲТнинг Марказий Осиё 23-Медиа конференцияси юзасидан ўзаро фикр алмашилди, шунингдек, Ўзбекистонда ахборот соҳасидаги изчил ислоҳотлар, матбуот эркинлиги ва давлат органларининг очиқлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.


АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев мулоқот давомида мамлакатимизда ахборот соҳасини демократлаштириш, жамиятда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу борада ЕХҲТ каби нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликдаги турли халқаро медиа тадбирлар ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

«Учрашувларда нафақат Ўзбекистонда ахборот соҳасида амалга оширилаётган ишлар, балки халқаро медиа майдонда юз бераётган муҳим ўзгаришлар, дунё тажрибаси ҳам кўпроқ муҳокама қилиниши тарафдоримиз, — деди Асаджон Ходжаев. — Чунки бу орқали биз ўз фаолиятимиз учун муҳим йўналишларни белгилаб оламиз, экспертлар кўмагида ўз камчиликларимиз, ютуқларимизга объектив баҳо бера оламиз, келгуси режалар тузаётганда нималарга эътибор қилишимиз кераклигини билиб оламиз. Ўтказилаётган конференция ҳамда учрашувлар ахборот соҳаси ривожи йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ишонаман».

Учрашувда Тереза Рибейру хоним мураккаб пандемия шароитида ЕХҲТнинг Марказий Осиё 23-Медиа конференцияси юқори савияда ўтказилаётганини таъкидлади ва бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати ҳамда бевосита Агентликка миннатдорлик билдирди.


«Марказий Осиё — мен учун муҳим аҳамиятга эга минтақа. Ушбу ҳудудда фаолият кўрсатиш мен учун шараф. Биз мазкур конференция гибрид шаклда ўтказилмаслигидан хавотирда эдик. Бироқ Ўзбекистон томони анжуман ўтказилиши учун астойдил ҳаракат қилди.


Олдимизда биргаликда амалга ошириладиган кўплаб лойиҳалар кутиб турибди. Хусусан, медиа соҳаси учун масъул Агентлик билан ҳамкорлигимиз юқори самара беради, деб ўйлайман», — деди ЕХҲТ вакили.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг турли йўналишлари муҳокама қилинди. ОАВ, масс-медиани ривожлантириш борасида янги лойиҳалар ташкил этиш бўйича келишиб олинди.



Увеличить на0%