«INFOLIB UZBEKISTAN-2021» Х Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида "INFOLIB UZBEKISTAN-2021" Х Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлар дастурини ёритишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида Ахборот ва
оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва етакчи
ахборот-кутубхона муассасалари вакиллари, китобхонлар, оммавий ахборот
воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда китобхонликни
оммалаштириш ва мутолаани тарғиб қилиш, аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни
такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
8-12 ноябрь кунлари
ўтказилиши режалаштирилган китобхонлик ҳафталиги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси,
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ахборот-кутубхона
марказларида бўлиб ўтади. Ҳафталик 45 га яқин тадбирни ўз ичига олган.
Ҳафталик ахборот маданияти даражасини ошириш ва республиканинг маданий меросини асраб-авайлаш, мутолаани оммалаштириш, фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизматларини кўрсатишда Интернет имкониятларини ошириш, замонавий инновацион ва таълим технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, аҳолининг турли тоифаларига хизмат кўрсатишни ташкил этишда кутубхоналарнинг ижтимоий-маданий ролини ошириш каби республика ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятининг долзарб жиҳатлари бўйича мутахассислар учун фикр ва тажриба алмашиш майдончаси бўлиб хизмат қилади.
Матбуот анжуманида
журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.