Ўзбекистон-Россия иккинчи медиафоруми якунланди
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон-Россия медиафоруми икки давлат ўртасида медиа контент алмашиш ва соҳа кадрларини тайёрлаш масалаларига бағишланган сессияларда ўз ишини давом эттирди.
Куннинг биринчи ярмида ОАВ мутахассисларини тайёрлаш, касбий ваколатлар ва қадриятлар, замонавий ёндашувлар ҳамда ўзаро ҳамкорлик бўйича икки давлат вакилларининг маърузалари тақдим этилди.
"Ўзбекистон ва Россия журналистикасининг мақсади бир, интилишлари якдил, яъни халқ ва давлат, фуқаролик жамияти ва бошқарувнинг барча тармоқлари ўртасида ўзига хос боғлиқликни таъминлашдан иборат", деди ўз сўзида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси О. Ўсаров. – Ўзбекистон очиқ маълумотлар ресурслари сони бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллади, "Open data Inception" очиқ маълумотлар расмий портали маълумотларига кўра, бугунги кунда уларнинг сони 99 тага етади".
Шунингдек, россиялик мутахассислар ОАВни рақамлашитириш шароитида журналистик таълим, нохолис ва ёлғон ахборотларга қарши курашиш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашишди.
Сессия давомида россиялик мутахассислар томонидан янги ахборот технологияларининг замонавий журналистика ривожига таъсири мавзусида тренинг машғулотлари намойиш этилди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ва Россия ОАВ ўртасида медиа контент алмашиш борасида чиқишлар тингланди, фикрлар алмашилди ва тажрибалар борасида ўртоқлашилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон-Россия иккинчи медиафоруми якунланди. Ёпилиш маросимида АОКА директори Асаджон Ходжаев ҳамда “Россия сегодня” халқаро ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Андрей Благодиренко форум иштирокчиларига миннатдорлик билдириб, тадбир самарали ўтганини қайд этдилар. Мазкур медиафорум ўзаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишини йўлида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.