АОКАда «Конституция — тараққиётимиз кафолати» деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Бугун, 7 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги муносабати билан Агентлик директори, марказий аппарат ва ҳудудий бошқармалар ходимлари иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда бош қомусимиз қабул қилинишининг тарихи, жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, асосий қонунимизда халқ фаровонлигини кафолатлайдиган, ҳуқуқий давлатнинг бош мезони бўлган тамойиллар акс этгани қайд этилди.
Агентлик раҳбари Асаджон Ходжаев асрлар оша халқимиз тан олган кўплаб ҳаётий қоида ва тартиблардан жамият учун энг муҳимлари Конституциямизга асос сифатида киритилганини таъкидлади. «Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, бошқа дахлсиз ҳуқуқлари, тинчлик ва ҳамжиҳатлик барқарорлиги олий қадрият ҳисобланиши қомусимизда мустаҳкам белгиланган», — деди А.Ходжаев.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий ва мудофаа қудратини юксалтириш, миллатлараро тотувликни асраш, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрнини кенг тарғиб этиш ахборот соҳаси вакилларининг биринчи даражали вазифаси эканини алоҳида қайд этди.
Тадбир давомида байрам муносабати билан Агентлик тизими ходимлари ўртасида ўтказилган онлайн-викторина ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.