Терроризмга қарши курашишда минтақавий ҳамкорлик бўйича бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди

03.03.2022, 15:15

Хабар берилганидек, бугун Конгресс-холлда «БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё малакатларининг минтақавий ҳамкорлиги» мавзусида нуфузли халқаро анжуман ўз ишини бошлади.

Анжуман аввалида Хавфсизлик Кенгаши котиби В.Маҳмудов Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг тадбир иштирокчиларига мурожаати ва мавзу юзасидан таклифларини ўқиб эшиттирди.

Жумладан, Ш.Мирзиёев БМТнинг терроризмга қарши кураш бошқармаси ваколатхонасини очиш таклифини билдирди. Давлатимиз раҳбари таъкидлашича, минтақада терроризмга қарши кураш стратегиясини янада муваффақиятли амалга ошириш, Қўшма ҳаракатлар режаси ижросини доимий мониторинг қилиш ва танқидий баҳолаш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш механизмларини кучайтиришни тақозо этади. 

Шунингдек, Президент Марказий Осиёда кибертерроризм бўйича ягона електрон тармоқ яратиш ташаббусини илгари сурди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ушбу ташаббусни 2020 йилда қабул қилинган БМТ ТҚК  бошқармасининг Марказий Осиёда киберхавфсизлик ва янги технологиялар дастури доирасида амалга ошириш ўта муҳим ҳисобланади.

Мурожаатномада Ш. Мирзиёев БМТнинг терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида Минтақавий экспертлар кенгашини тузишни таклиф қилди. "Кенгашнинг асосий вазифаси радикаллашган фуқароларни реабилитация қилиш ва реинтеграциялаш дастурларини такомиллаштириш, шунингдек, мамлакатларимизда терроризм тарғиботига қарши курашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади"- деди Президент.

Давлат раҳбари, таклифлар қаторида ёшларни радикал мафкурага қарши курашиш жараёнига жалб этиш мақсадида 2023 йилда Самарқандда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг доимий ёшлар Кенгашини чақиришни таклиф қилди. Ушбу платформа мамлакат ёшлари ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ёш авлоднинг ўзини ўзи англаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва улар экстремизм ва терроризм ғояларига қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича тажриба алмашишлари учун асосли ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.

Халқаро анжуман давомида Тошкент декларацияси ва ҚҲРнинг янги таҳрири қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар билан Марказий Осиё мамлакатлари халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий хавф солаётган терроризмга қарши биргаликда курашишга содиқликларини тасдиқлаб, яқин келажак учун аниқ вазифаларни белгилаб олишлари кўзда тутилган.

Тошкент декларацияси ва Қўшма ҳаракатлар режаси қоидалари илгари қабул қилинган ҳужжатлар — Терроризмга қарши курашиш тўғрисидаги Ашхобод декларацияси (2011, 2017 йиллар), Терроризмга етакловчи зўравон эстремизм ва радикаллашувга қарши курашишда ёшларнинг ролини ошириш тўғрисидаги Самарқанд декларацияси (2018 йил), “Терроризмга, уни молиялаштириш манбалари, жумладан гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси ва уюшган жиноятчиликка қарши куршишда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусидаги олий даражали халқаро конференция якунлари бўйича  Душанбе декларацияси (2019 йил)нинг изчил ва мантиқий давоми ҳисобланади.

Юқори даражада ўтказилаётган халқаро анжуман "Терроризмнинг тарқалишига олиб келадиган шароитларни бартараф этиш" ва  Терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари" мавзуларидаги секцияларда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, нуфузли Халқаро анжуман эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Увеличить на0%