Истанбулда ноширлик бўйича халқаро анжуман бошланди

08.03.2022, 14:14
Бугун Туркия Матбаа ва нашриёт профессионал уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган «7-халқаро Истанбул ноширлик касбий учрашувлари» очилиш маросими бўлиб ўтди.

Гибрид форматда ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда китобхонликни оммалаштириш, муаллифлик ҳуқуқига риоя этилишини таъминлаш, нашриётлар, адиблар, маданий-маьрифий муассасалар, китоб савдоси билаш шуғулланадиган ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Дастурда қатнашиш учун 105 та давлатнинг 1104 та нашриётидан аризалар келиб тушгач, белгиланган мезонлар асосида саралаш жараёни ўтказилган. Ҳозирда мазкур анжуманда 72 та мамлакатнинг ноширлик соҳасига оид 555 та ташкилотидан масъул вакиллар иштирок этмоқда. Хусусан, илк бор мамлакатимиз номидан Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси, «Шарқ», «Ғафур Ғулом», «Ўзбекистон», «Академнашр», «Янги аср авлоди» каби қатор нашриётларнинг мутасаддилари, шунингдек, АОКА Нашриёт-матбаа соҳаси ва китоб савдосини ривожлантириш бўлими бошлиғи Авазхон Валихонов қатнашмоқда.

Очилиш маросимида сўз олган Халқаро ноширлар ассоциацияси (International Publishers Association) вице-президенти Бодур Ал-Қосими «Istanbul Publishing Fellowship» халқаро учрашувларининг аҳамияти ҳақида сўзлади. Узоқ Шарқдан Лотин Америкасигача, Шимолий Европадан Африкагача — дунёнинг тўрт томонидан соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаган ушбу тадбирдан катта натижалар кутилаётгани таъкидланди.

Истанбулдаги мулоқотлар жаҳон ноширлик ва полиграфия саноати тажрибасини ўрганиш, етакчи нашриётларнинг энг яхши замонавий китоблар тўпламини ўқувчилар ва харидорларга етказиш, китоб маҳсулотларини янги технологиялар асосида ишлаб чиқариш ва тарқатишга доир истиқболли вазифаларни белгилаш ҳамда халқаро маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.



Увеличить на0%