Журналист талабалар учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Бугун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Юнусобод тумани бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутасаддилари ҳам иштирок этдилар.
Талаба ёшлар ва журналист кадрларга эҳтиёжманд ишлаб чиқариш обектлари учун ташкил этилган меҳнат ярмаркасида университетнинг 500га яқин талабалари ва 20дан ортиқ теле ва радио йўналиши бўйича ташкилотлар қатнашди.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 4 март куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган йиғилишда талабалар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад топишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланган эди.
Бу йил Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини илк битирувчилар тамомлайди. Бугун ташкил этилган меҳнат ярмаркасида ахборот соҳасидаги ўнлаб муассасалар 100 нафардан ортиқ талабани ўз ташкилотларига ишга қабул қилиш таклифини бердилар.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг апрель ойида АОКА ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида соҳада фаолият кўрсатаётган босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, нашриёт-матбаа корхоналари ҳамда кутубхоналар вакиллари иштирокида меҳнат ярмаркаси ўтказилиши кўзда тутилган. Мазкур тадбирлар талабаларнинг муносиб иш ўринларига эга бўлишлари учун янги имконият яратишга хизмат қилади.