АОКАда коррупцияга қарши тизимли иш олиб борилади

29.03.2022, 12:12
Агентликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифалар, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши топшириқлари ижроси юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари, амалга ошириш механизми ва муддатлари, ижро учун масъуллар белгиланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури” ҳамда  бошқа меъёрий ҳужжатлар тасдиқланди ҳамда ижроси йўлга қўйилди.

Шунингдек, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида ходимлар ҳар йили ёки пайдо бўлиши билан манфаатлар тўқнашуви юзасидан декларация тўлдириб келишмоқда. Манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланган тақдирда, Одоб-аҳлоқ комиссиясида уни бартараф этиш юзасидан чоралар кўриш йўлга қўйилган. 

Бундан ташқари, Агентликдаги вакант лавозимларга номзодлар орасидан етарли билим ва тажрибага эга, ҳалол, пухта, холис кадрларни танлов асосида саралаб олиш ва улар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш мақсадида, номзодларга нисбатан “Ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш бўйича Йўриқнома” талаблари асосида текширув амалга оширилмоқда. Агентлик расмий веб-сайтида ишга қабул қилиш, ротация тўғрисидаги эълонлар ва ахборотлар доимий равишда бериб борилмоқда.

Ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича Агентликда турли тадбирлар, учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.

2022 йилда Агентлик ходимларини этика ва коррупцияга қарши курашиш бўйича умумий ўқитиш режаси ишлаб чиқилган бўлиб, шу асосда Агентликнинг телеграм каналида вақти-вақти билан мавзуга оид викторина ўтказиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга доир материалларлар ҳамда ушбу мавзулардаги брифинглар ва матбуот анжуманлари ОАВ ва Агентлик расмий веб-сайтлари ва телеграм каналларида мунтазам ёритиб борилмоқда.

Фуқароларнинг Агентлик ва тизим ташкилотлар фаолиятида дуч келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериши учун алоқа каналлари (расмий веб-сайт: www.aoka.uz, ижтимоий тармоқлардаги саҳифа: https://t.me/aoka_uz ва https://www.facebook.com/aoka.uz/, ишонч телефони: 71-244-23-34, қисқа рақам: 1213, электрон манзил: info@aimc.uz) йўлга қўйилган. Ўтган вақт мобайнида алоқа каналлари орқали 12 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, 10 та ҳолатда мурожаат қаноатлантирилди, 2та ҳолатда эса мурожаат тасдиқланмади. 

Агентликда томонидан жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ходимларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш юзасидан кенг қамровли ишлар давом эттирилмоқда.
Увеличить на0%