2 апрель — Халқаро болалар китоби куни

01.04.2022, 18:18
Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши (International Board on Books for Young People — IBBY) ташаббуси билан 1967 йилдан буён ҳар йили 2 апрелда Ҳанс Кристиан Андерсеннинг туғилган кунида болаларда китоб ўқишга меҳр уйғотиш ва эътиборни жалб қилиш мақсадида Халқаро болалар китоби куни нишонланади.

Маълумот учун: IBBY 1953 йилда Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ЮНЕСКОнинг Болалар ва ўсмирлар адабиёти бўйича халқаро кенгаши томонидан ташкил этилган. IBBY Низомига мувофиқ ҳар бир давлатда Миллий шўба ташкил этилиши мумкин, унинг асосий мақсади — болалар ва ёшлар учун миллий адабиётни халқаро миқёсда ривожлантириш ва оммалаштиришга кўмаклашиш мақсадида ижодий ва ижтимоий кучларни бирлаштиришдан иборат.


2022 йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Республика болалар кутубхонаси, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси иштирокида IBBYда Ўзбекистон Республикасининг Миллий шўбаси ташкил этилди.


IBBY Миллий шўбалари Халқаро болалар китоби кунининг халқаро ташкилотчиси (ҳомийси) бўлиш имкониятига эга. Ташкилотчи давлат — IBBY ижроия қўмитаси томонидан танлов асосида аниқланади. Ташкилотчи мавзуни белгилаш, бутун дунё болаларига Мурожаат ёзиш учун мезбон мамлакатнинг таниқли муаллифини ва махсус афишани лойиҳалаш учун таниқли рассомни таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу материаллар китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш учун фойдаланилади.


2022 йилги Халқаро болалар китоби куни ташкилотчиси — IBBY Канада Миллий шўбаси ҳисобланади.


2022 йилги Халқаро болалар китоби куни муносабати билан жаҳон болаларига мурожаат:


«Ҳикоялар, эртаклар қанот ёзса қандай соз,
Улар берган завқ ила юраклар қилар парвоз!»

Мутолаа — бу эркинлик. Мутолаа — бу нафас олмоқликдир.


Мутолаа завқи, яъни китоб ўқиш истаги Сени дунёга бошқача кўз билан қарашга ўргатади. Сени янги ва янги оламларга бошлайди, Сен бу янги дунёларни сира тарк эта олмайсан.


Мутолаа қалбингга орзулар ҳавасини солади. 


Китоб — бизнинг дўстимиз, дейишади, дарҳиқақат шундай, у — дўстларнинг ҳам энг садоқатлисидир.


Сен китоб ўқиётганингда қалбингдаги бор эзгуликлар бўй кўрсатади, ўсади, улғаяди ва камолотга эришади.


Чиндан ҳам ҳикоялар, ривоятлар — сенинг қанотингдир. Сен уларнинг ёрдамида бепоён осмонларда чарх уриб, ўзингга манзур китоблар сари талпинасан, китоблар эса Сени ўз қалбинг, юрагинг ҳамда ақлинг томон бошлаб борадилар.


Ҳикоялар, ривоятлар — бамисоли малҳамдир. Улар Сени даволайди.


Кўнглигга таскин беради. Сени илҳомлантиради. Билимингни оширади. Модомики шундай экан, келинг, барчамиз баралла: «Яшасин ҳикоянавислар, ровийлару бахшилар, ўқувчилар ҳамда тингловчилар!» — дейлик. «Яшасин китоблар!» — дейлик.


Зеро, улар бизларни даволайди, дардлардан фориғ қилади. Дунёни янада гўзал, янада мукаммал этади!

Увеличить на0%