«Ҳоким ўринбосарлари ижтимоий тармоқда фаол бўлиши лозим», — Асаджон Ходжаев

09.04.2022, 15:15

Давлат бошқаруви академиясида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тизимидаги ходимлар малакасини ошириш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди.

Бугунги семинарда Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ўз маърузалари билан иштирок этди. У. Муҳаммадиев ўз сўзида ҳоким ўринбосарларининг жамоатчилик билан алоқаларни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахларнинг мурожаатлари билан самарали ишлаш борасидаги муаммоларга тўхталган бўлса, АОКА директори ОАВ ва ижтимоий тармоқлар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлади. 


«Барча туман ва шаҳарлар ҳокимликларида ахборот хизмати фаолият кўрсатмоқда. Ҳоким ўринбосарлари улар билан доимий биргаликда иш олиб бориши керак. Шунингдек, ўз фаолиятида очиқ бўлиш, ОАВ, блогерлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Журналистлар билан фаол мулоқот қилиш, иш фаолияти юзасидан тез-тез интервью бериш, мақолалар ёзиш жуда муҳим. 

Яна бир масала — хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари ижтимоий тармоқда фаол бўлиши лозим. Бу, бир томондан, сиз учун минбар бўлса, иккинчи томондан эса, аёллар ўз мурожаатларини осон ва содда усулга етказишлари мумкин бўлади. Агентлик бу борада амалий ёрдам кўрсатишга тайёр», — дея таъкидлади Асаджон Ходжаев. 


Тадбирда барча ҳудудларда ўтказиладиган медиа тадбирларда хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Увеличить на0%