«Китобсевар миллат» шиори остида «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилади

13.04.2022, 21:10

2022 йилнинг 18-23 апрель кунлари Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистон бўйлаб “Китобсевар миллат” шиори остида  II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” бўлиб ўтади.

Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонаси ҳамда пойтахтимиздаги "Magic city" боғида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар барча ёш тоифасидаги китобхонларни қамраб олади. 

Мазкур китоб байрамидан кўзланган мақсад — аҳоли, шу жумладан ёш авлоднинг билим олиши, халқимизнинг бой маънавий меросини тиклаш, Жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, ўзбек адабиётининг етук намуналарини хорижий тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича эришилган натижаларни таҳлил этиш ва бу борадаги истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш, китобхонлик маданиятини, оилавий китобхонлик  анъаналарини тарғиб қилиш, ёш авлодни миллий адабиётга, она Ватанга юксак муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишдан иборатдир. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Маданият вазирликлари, Республика маънавият-маърифат маркази ҳамда бошқа идора ва муассасалар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда мамлакатимизда фаолият юритаётган нашриётлар ўз китоб маҳсулотлари билан фаол иштирок этади. Унда китоб савдо ярмаркалари китобхонлар ўртасида сўровномалар, совринли викториналар, интеллектуал беллашувлар ташкил этилади. Китобхонлик ҳафталиги мобайнида биргина пойтахтда ўтказиладиган тадбирлар дастурига кўра 40 га яқин нашриётларда сўнгги йилларда чоп этилган янги китобларининг тақдимотлари, ўнлаб таниқли ва ёш ва истеъдодли адиб ва шоирлар билан учрашувлар, ношир ва матбаачилар билан мулоқотлар ўтказилади.

Ҳафталик доирасида «Ноширлар ва кутубхоначилар ҳамкорлиги» мавзусида давра суҳбати, болалар адабиёти, бугунги кундаги долзарб вазифалар, муаммо ва ечимларга оид ношир ва болалар адибларининг учрашуви бўлиб ўтади.  Шунингдек, «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони ўз эгаларига топширилади, фаол ноширлар ва ижодкорлар тақдирланади.

Увеличить на0%