“Китобхонлик ҳафталиги” юзасидан матбуот анжумани ўтказилди

15.04.2022, 16:44

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2022 йилнинг 18-23 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Китобхонлик ҳафталиги” юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Агентлик директори ўринбосари Ғайрат Бозоров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Эркин Абдураҳмонов ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Тадбирда ҳафталик доирасида амалга ошириладиган ишлар, ташкиллаштирилган лойиҳалар, адабий тадбирлар, учрашувлар ҳамда китоб ярмаркалари хусусида атрофлича маълумот берилди.

Ҳафталикнинг асосий тадбирлари, хусусан, тантанали очилиш маросими 18 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар, турли тақдимотлар, китоб савдо кўргазма-ярмаркалари, интеллектуал совринли викториналар “Magic City” истироҳат боғида бўлиб ўтади.


— Китобларнинг мазмун-мундарижасини бойитиш, матбаа сифатини яхшилаш юзасидан муаллифлар, таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, китоб графикаси бўйича мутахассис рассомлар, мунаққидлар, ноширлар, матбаачиларнинг кенг китобхонлар оммаси билан бевосита учрашувлари ўтказилади, — деди Ғ.Бозоров. Шунингдек, янги — “Меҳр кутубхонаси” ижтимоий лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз. Бу орқали республикамиздаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйларининг кутубхоналарига китоблар тақдим этилади.

Шунингдек, Ҳафталик доирасида “Ноширлик ишини янги босқичга олиб чиқиш, нашриётлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги амалий семинар, “Кутубхоначилар ва ноширлар ҳамкорлиги”, “Болалар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари”га бағишланган очиқ мулоқотлар ташкил этилади.


Бундан ташқари, тадбир доирасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга, кутубхоналарда сақланаётган миллий-маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ва мазкур йўналишда юқори натижаларга эришган ходимлар “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.


Шунингдек, ҳафталик доирасида ташкилотчилар томонидан энг фаол нашриётларни турли номинациялар билан тақдирлаш, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийларни, шунингдек, китоб тарғиботчилари ва ижодкорларни рағбатлантириш ҳам режалаштирилган.

Матбуот анжумани сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. 

Увеличить на0%