II Республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

18.04.2022, 14:00

Бугун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида«Китобсевар миллат» шиори остида ўтказилаётган II Республика «Китобхонлик ҳафталиги»нинг очилиш маросими ўтказилди. Унда соҳа мутахассислари, атоқли шоир ва ёзувчилар, ноширлар, китобхонлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.


— Иккинчи бор ўтказилаётган ҳафталик барча ижодкорлар ва китобхонларга, соҳа мутахассисларига маъқул келади, деб ишонаман, — деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев. — Биз мазкур китоб байрами орқали ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришда китобнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш,  ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича эришилган ютуқларни оммалаштиришни мақсад қилганмиз. 


Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Эркин Абдураҳмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, «Китобхонлик ҳафталиги»нинг аҳамияти, унинг ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги ўрни алоҳида эканини қайд этдилар. Ҳафталик доирасида ташкил этиладиган амалий семинарлар, очиқ мулоқотлар эса кутубхоначилик, ноширлик ҳамда болалар адабиёти йўналишидаги долзарб муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.


Маълумот учун, ҳафталик доирасида юртимизда фаолият юритадиган нашриётлар томонидан чоп этилган янги маҳаллий ва хорижий китоблар тақдимоти, китобсеварлар учун турли акция ва викториналар, маҳорат дарслари, ёзувчи ва адиблар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, саҳна кўринишлари, театр ва кино актёрлари, эстрада хонандаларининг чиқишлари бўлиб ўтади. 


Ҳафталик доирасидаги тадбирлар жойи ва вақти билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Увеличить на0%