Матбуот котиблари учун инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бағишланган семинар-тренинг бошланди

19.05.2022, 16:30

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Бош прокуратура, АОКА, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида 19-20 май кунлари республика даражасидаги вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда ҳокимликлар ахборот хизматлари раҳбарлари учун «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва мазкур соҳада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилмоқда.


Бугун ўқув семинари очилишига бағишланган тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Шуҳрат Бафоев иштирок этди. Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ҳам видеомурожаат орқали қатнашди.



Кириш қисмида семинарнинг мақсад-вазифалари, соҳага доир билим-кўникмаларни назарий ва амалий жиҳатдан мустаҳкамлашдаги аҳамияти, шунингдек, медиа муҳитдаги замонавий тенденциялар ҳақида тўхталиб ўтилди. Хусусан, юртимиздаги очиқлик сиёсати давлат идораларидан халқ билан яқин мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг сўровлари, муаммолари ва таклифларига ўз вақтида жавоб беришни талаб қилиши таъкидланди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Парламент ва Омбудсманнинг роли, қонун олдидаги масъулиятнинг соғлом ижтимоий-сиёсий муҳитни шакллантиришдаги ўрни каби долзарб масалалар бўйича маъруза қилинди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.



Увеличить на0%