АОКА директори «Инсон қадри» онлайн платформаси ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўплами тақдимотига бағишланган тадбирда маъруза қилди
24.05.2022, 12:12
Бугун «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида «Инсон қадри» онлайн платформаси ҳамда «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» тўплами тақдимотларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, депутатлар, қатор давлат идоралари, вазирлик ва қўмиталар мутасаддилари иштирок этди. «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков модераторлигидаги тадбирнинг кириш қисмида Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев нутқ сўзлади.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев «Тараққиёт стратегияси ва уни амалга ошириш жараёнида эришилган натижаларни кенг жамоатчиликка етказишда ОАВнинг ролини ошириш» мазусида маъруза қилди.
«7 та устувор йўналиш, 100 та мақсаддан иборат Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси кейинги беш йилликда Ўзбекистон кўзлаган мақсад-муддаоларнинг ягона концептуал ҳужжати ҳисобланади, — деди А.Ходжаев. — Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги Фармони асосида қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш бўйича вазирлик ва идоралар томонидан амалга ошириладиган тарғибот тадбирлари назарда тутувчи ҳамда 587 та банддан иборат медиа-режа ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган».
Таъкидланишича, ҳар чоракда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий матбуот марказида, шунингдек, ҳудудларда ўтказиладиган матбуот тадбирлари бўйича алоҳида медиа-режалар ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.
«Масалан, шу йилнинг ўтган даври мобайнида Тараққиёт стратегияси ва давлат дастури ижроси юзасидан биргина Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирокида 30 дан ортиқ матбуот тадбири ташкил этилди.
Бир сўз билан айтганда, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган сифатида давлат органлари фаолияти, шу жумладан, Тараққиёт стратегияси ва давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларни қисқа муддатда оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларга етказишга ҳаракат қилмоқда», — деди АОКА раҳбари.
Тадбирда, шунингдек, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов «Тараққиёт стратегияси ижросини таъминлашда Парламент ва жамоатчилик институтларининг ўрнини ошириш» мавзусида, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ҳамда Адлия вазири ўринбосари Актам Мухаммадиев «Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолаб бориш механизмларини яратиш» мавзусида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Тараққиёт стратегияси ижроси мониторингини амалга оширишда рақамлаштириш жараёнини ташкил этиш» мавзусида маъруза билан қатнашди.
Вид сайта
Размер шрифта
Увеличить на0%