Кемерово илмий тадқиқот институти ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси олий ўқув юртларида ахборот маданияти ва медиа саводхонлик курслари бўйича келишув имзолади

26.05.2022, 18:18

Бугун Бобур номидаги Андижон вилоят Ахборот-кутубхона марказида Central Asia – 2022 Халқаро конференцияси доирасида "Медиа таълим. Замонавий ўқув жараёнида ахборот-кутубхона муассасаларининг ўрни" мавзусида Халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ва Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси “Кемерово давлат маданият институти” ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Учрашувда АОКА масъул ходимлари, ахборот-кутубхона соҳаси экспертлари, хорижий мутахассислар, шунингдек, республикадаги барча туман АКМ вакиллари онлайн ва оффлайн тарзда иштирок этишди.

Давра суҳбатида Агентлик масъул ходими Вероника Ахмедова медиа саводхонликни ошириш бўйича Ўзбекистонда ҳамкор давлатлар ва ташкилотлар билан бирга амалга оширилаётган лойиҳалар, дастурлар, чора-тадбирлар, кўзланган мақсадлар ва келгусидаги режалар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Шундан сўнг, Кемерово давлат маданият институти Ижтимоий соҳа ахборот технологиялари илмий-тадқиқот институти директори Наталья Гендина ва шу институтининг етакчи эксперти, педагогика фанлари номзоди, доцент Елена Косолаповалар онлайн маъруза қилишди. Маърузада жамиятни рақамлаштириш шароитида медиа-ахборот саводхонлиги ва ахборот маданиятини шакллантириш:Россия ва Ўзбекистон тажрибаси ҳақида маълумот беришди.

Халқаро давра суҳбати якунида билдирилган фикр-мулохазалар ва таклифлар асосида томонлар ОЎЮ ўқув жараёнларига ахборот маданияти ва медиа саводхонликни жорий этиш бўйича баённома имзолашга ва баённома қарорига мувофиқ йўл харитасини ишлаб чиқишга келишишди. Ишлаб чиқлиши кўзда тутилаётган йўл харитаси ва давра суҳбати баённомаси "2022-2024 йилларда Ўзбекистонда медиасаводхонликни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси"да олий ўқув юртларида ахборот маданияти курсларини киритишда муҳим ахамият касб этади.

Central Asia – 2022 тадбирлари давом этмоқда.


Увеличить на0%