«Озод Европа Радиоси / Озодлик Радиоси» медиа корпорацияси президенти Жейми Флай билан учрашув

01.06.2022, 11:11

31 май куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев «Озод Европа Радиоси / Озодлик Радиоси» медиа корпорацияси президенти Жейми Флай ва медиа-корпорация вакили Паҳлавон Турғунов билан учрашди.

Мулоқот давомида Агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари, Ўзбекистонда ахборот соҳасини либераллаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда давлат идоралари очиқлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.

Миллий оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ролини ошириш билан бирга мамлакатимизда хорижий ОАВларнинг самарали фаолияти учун ҳам зарур шароитлар яратилгани айтиб ўтилди.

Томонлар учрашувда ўзаро мавжуд масалалар, уларни ҳал этиш йўллари, шу жумладан «Озодлик Радиоси» таҳририяти томонидан тайёрланаётган ва чоп этилаётган материалларнинг Ўзбекистон қонунчилиги ва журналист этикаси меъёрларига мос келиши юзасидан ўз мулоҳазаларини баён этишди ҳамда ушбу масалаларни бартараф этиш борасида босиб ўтилиши мумкин бўлган қадамлар ҳақида фикр алмашишди.

Мулоқот давомида «Озод Европа Радиоси / Озодлик Радиоси» медиа корпорацияси вакилларини республикада аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Икки томон аккредитация билан боғлиқ масалаларни навбатдаги учрашувларда кўриб чиқишга келишиб олишди.

Шунингдек, учрашув мобайнида ахборот соҳасига оид долзарб мавзулар доирасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.


Увеличить на0%