Қозоғистондаги китоб ярмаркасида ўзбек адабиётига катта қизиқиш билдирилди

01.06.2022, 16:00

Жорий йилнинг 28-30 май кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Ш. Уалиханов номидаги майдонда "Олмаота китоб ярмаркаси" бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда иштирок этаётган Россия, Қирғизистон давлатлари, шунингдек, Қозоғистондаги 50 дан ортиқ маҳаллий нашриёти ва китоб савдо ташкилоти қаторида Ўзбекистон миллий стенди ҳам ташкил этилди.


Ушбу стендда ўзбек ноширлари томонидан сўнгги йилларда нашр этилган сара адабиёт намуналари тадбир иштирокчилари ва ташриф буюрувчиларга намойиш этилди.

Мазкур китоб ярмаркаси китоб савдосини ривожлантириш, ноширлик ва китоб савдосида эришилган сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш, соҳадаги мавжуд муаммоларга ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш орқали ечимлар топиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, китобхон ва муаллифлар ўртасида бевосита жонли мулоқот майдонини яратиш, маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади – дейди АОКА масъул ходими А.Жўраев.

Таъкидланишича, уч кун давом этган китоб ярмаркада қўшни давлатлар вакиллари ҳамда тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистон миллий стендига, жумладан, намойиш этилган китобларга катта қизиқиш билдирилди. 

Ўтказилган тадбир давомида ўзбек адабиётининг сара намуналарини қозоқ ва қирғиз тилларига таржима қилиш ҳамда нашр этиш борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.



Увеличить на0%