РАСМИЙ БАЁНОТ

13.06.2022, 10:00

Ижтимоий тармоқ ва веб-сайтларда 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадионида футбол бўйича U-23 Осиё кубоги чорак финали доирасида Ўзбекистон – Ироқ ўйинини ёритишга борган «Sevimli» телеканали мухбири ва тасвирчисига Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан куч ишлатилгани, камераси тортиб олингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу ҳақда телеканалнинг «Zamon» информацион дастури ходими ҳам ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида батафсил маълум қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси ҳамда Миллий гвардиясига сўров юборди. Агентлик айни пайтда давом этаётган хизмат текшируви натижаларини синчковлик билан кузатиб боради. Ишонамизки, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия амалдаги қонунчилик нормаларини четлаб ўтган ходимларининг хатти-ҳаракатларига муносиб баҳо беради ҳамда тегишли чора кўради. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси эса ушбу масалани ўз назоратига олишини сўраб қоламиз.

Агентлик ОАВ вакиллари фаолиятига тўсқинлик қилиш, ноқонуний йўллар билан дахл қилиш, шахсини обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай уринишларни кескин қоралайди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз қонунчилигида журналистлар ҳуқуқлари, ахборот олиш эркинлигига оид масалалар қатор нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасига кўра, давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим, 14-моддада эса журналистнинг ушбу қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Шунингдек, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

Таъкидлаш жоизки, ОАВ вакилларининг касбий фаолияти давомида тазйиқ кўрсатиш, тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатига зид бўлиб, Агентлик, ўз навбатида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради.

Увеличить на0%