АОКА ва Озарбайжон Медиани ривожлантириш агентлиги ўртасида англашув меморандуми имзоланди

20.06.2022, 17:17

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Озарбайжон Республикаси Медиани ривожлантириш агентлиги ўртасида англашув меморандуми имзоланди. 

Англашув меморандуми жорий йил 21-22 июнь кунлари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида, шунингдек, томонлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида имзоланди.

Меморандум доирасида замонавий медиа маконда ўзаро ҳамкорлик механизмларини яратиш, ахборот сиёсатини юритиш борасида ўзаро тажриба алмашиш, журналистика соҳасида мутахассисларни тайёрлашда ўзаро алоқалар ўрнатиш, ахборот хизматлари раҳбарлари малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари ташкиллаштириш кўзда тутилган. 

Учрашувда, шунингдек, томонлар меморандумда белгиланган вазифа ва мақсадларни самарали амалга ошириш ҳамда соҳа бўйича мутасадди давлат ташкилотлари ва муассасалар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида давлатлар ўртасида делегациялар ташрифини ташкиллаштириш, қўшма дастур ва режалар, шунингдек, музокараларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларни тузиш ва уларнинг ишчи учрашувларини ташкил этиш, турли тадбирларни ўтказиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам келишиб олишди.


Увеличить на0%