«Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон» мавзусидаги II миллий конференция ўз ишини бошлади
Бугун АОКАда «Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон» мавзусидаги II миллий конференция ўз ишини бошлади. Тадбирни Агентлик директори ўринбосари Улуғбек Аъзамов очиб берди. Конференция доирасида Медиа-режалар бўйича янги платформа тақдимоти намойиш этилди, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарларига платформанинг афзалликлари, ўзига хос хусусиятлари ҳақида кўргазмали воситалар орқали кенг маълумот берилди.
Мазкур тизим ахборот хизмати ходимлари учун ҳам, мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланган Агентлик учун ҳам қатор қулайликлар яратади. Хусусан, медиа-режаларни электрон шаклда тасдиқлаш ва ижросини назорат қилиш, муддати яқинлашаётган тадбирлар ҳақида огоҳлантириш, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган танқидий ахборотлар назорати ва ҳисобини инсон омилини минималлаштирган тарзда юритиш каби имкониятларни мужассам этади.
Платформа дастлаб пилот лойиҳа сифатида 10 га яқин вазирлик ва идораларда ишга туширилади ҳамда келажакда такомиллаштириб борилади.
Тадбирда Қорақлпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, энг етакчи туман ва шаҳар ҳокимликлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этди.
Бугун, шунингдек, матбуот котиблари учун учрашувлар ва пресс-турлар ҳам ўтказилмоқда. Хусусан, улар Олий Мажлис Сенати, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Рақамли ситуацион марказ», Адлия вазирлиги ахборот хизмати, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси таркибидаги «Renessans TV» телеканали фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашув ва мулоқотларда асосий эътибор ҳудудларда фаолият юритаётган матбуот котибларини етакчи республика ташкилотлари тажрибаси билан яқиндан таништириш ҳамда ОАВлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилмоқда.
Эртага, 24 июнь куни «Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон» мавзусида анжуман ташкил этилади.