"Китоб санъати" XIX Халқаро танловининг ҳакамлар ҳайъати йиилиши якунланди
Жорий йил 23-24 июнь кунлари Бишкек шаҳрида даврий нашрлар, китоб ноширлиги, китобларни тарқатиш ва матбаа соҳасида ҳамкорлик бўйича Давлатлараро Кенгаш ва МДҲ Ижроия қўмитаси муассислигидаги МДҲга аъзо давлатларнинг "Китоб санъати" XIX Халқаро танловининг ҳакамлар ҳайъати йиилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда АОКА масъул ходимлари ҳам иштирок этишди.
Ҳар йили анъанавий тарзда китоб ноширлиги маданияти ва китоб санъатини ривожлантириш, ноширлик тизимидаги энг яхши ютуқларни оммалаштириш, МДҲга аъзо давлатлар ўртасида маънавий-маданий қадриятлар алмашинувини фаоллаштириш мақсадида ўтказиладиган ушбу танловга бу йил 7 та мамлакатдан 77 тaа нашр тақдим этилди.
Жумладан, Ўзбекистонда фаолият юритувчи нашриётлар "Менинг юртим", "Маданият мулоқоти", "Ғалаба", "Болалар учун китоб", "Фан ва таълим", "Китоб санъати" номинациялари бўйича 6 та нашр тақдим этишди.
Ҳакамлар ҳайъатининг овоз бериш натижаларига кўра қуйидаги нашрлар 1-ўринга муносиб кўрилди:
"Менинг юртим" номинациясида – Yangi Oʻzbekiston / Новый Узбекистан / The New Uzbekistan» китоб-альбоми. Ижодий гуруҳ: Х. Султонов, Ш. Асадов, А.Хожаев, М. Қаршибоев, Ф. Муҳиддинов, И. Бўрибоев, А. Иванова, З. Мирзақулов, Ғ. Бозоров, Ф. Кубарева, Б. Ёқубов, У. Ҳайитов;
"Маданият мулоқоти" номинациясида – "Алишер Навоийнинг Қозон тўпламларидаги қўлёзмалари" каталоги (Буюк мутафаккир шоирнинг 580 йиллигига бағишланади); тузувчи муаллиф И.Зайцев;
"Ғалаба" йўналишида – «Ўзбекистон иккинчи жаҳон уруши даврида / Oʻzbekiston ikkinchi jahon urushi davrida / Узбекистан в годы Второй мировой войны» китоб-альбоми; тузувчи муаллифлар – С. Саидолимов, М. Рахимов, К. Сагдуллаев, Д. Аберкулов;
"Китоб санъати" номинациясида – «Ўзбекистон амалий санъати: анъаналар давомийлиги / Прикладное искусство Узбекистана: преемственность традиций / Applied Art of Uzbekistan: Continuity of Traditions» китоб-альбоми; муаллиф Бинафша Нодир.
Ҳакамлар ҳайъатининг овоз бериш натижаларига кўра қуйидаги нашрлар 3-ўринга лойиқ топилди:
"Болалар ва ўсмирлар учун китоб" номинациясида – «История Допки / Doʻpka voqeasi» болалар учун китоб; муаллиф С.Рашидова;
"Фан ва таълим" номинациясида – «Эски ўзбек ёзма адабий тили» илмий-оммабоп нашр; муаллиф Қ.Содиқов.
Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими жорий йил сентябрь ойида XXXV Москва халқаро китоб кўргазмаси ва ярмаркаси доирасида бўлиб ўтади.