Давлат герби – мустақиллик тимсоли

02.07.2022, 10:30

1992 йил 2 июль  Олий Кегашнинг Х сессиясида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган. 

“Ўзбекистон Республикаси давлат герби тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзи ҳисобланади.

Ўзбекистон давлат герби давлатимизнинг сиёсий, миллий, хўжалик, жуғрофий, этник ва бошқа ўзига хос хусусиятларини ҳамда бой тарихий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, унда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва давлат тузилиши тамойиллари ўзига хос тарзда ифодаланган. 

“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳлари, Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат бошқаруви органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, судлар, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларининг олд томонига жойлаштирилади.

Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда акс эттирилган.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро давлат рамзлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ҳурмат билан муносабатда бўлиши қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Давлат рамзларига бўлган ҳурмат мамлакатимизда мактабгача таълим масканлари, мактабларданоқ сабоқ берилади. Бу эса улғайиб келаётган ўғил-қизларда ўзи туғилиб ўсган юрт тақдири учун дахлдорлик, ватанпарварлик, фидойилик, Ватан учун чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Жорий йилда Ўзбекистон Давлат герби қабул қилинганлигининг 30 йиллиги мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланади.

Увеличить на0%