АОКАда ЮНЕСКО вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Бугун АОКАда Агентлик директорининг ўринбосари Ғ.Бозоров ва мутасадди ходимлар ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сарах Ношади, ЮНEСКОнинг Ахборот ва коммуникациялар шўъбаси раҳбари Я. Дю Туа ва мазкур шўъба маслаҳатчиси М.Лукошюнас иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида ЮНЕСКО вакилларига мамлакатда олиб борилаётган ахборот сиёсати, ОАВ эркинлиги ва давлат органларининг очиқлигини таъминлашдаги ислоҳотлар, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан, Агентликнинг бу борадаги роли, амалга ошираётган ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, ЮНEСКОнинг Ахборот ва коммуникациялар шўъбаси ва Агентлик ўртасида келгусида соҳани ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида, шунингдек, жорий йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилаётган «Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги: инновациялар, инклюзивлик ва ҳуқуқ» халқаро конференциясининг ташкилий масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Халқаро тадбирни юқори савияда ташкиллаштириш ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, конференция ҳақидаги маълумотларни олишда тезкорликни таъминлашда Агентлик томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси келишилди.
Маълумот учун: ушбу нуфузли тадбирни ўтказиш режаси 2020 йил Париж шаҳрида АОКА раҳбарияти ва ЮНЕСКО директори О.Азуле билан бўлиб ўтган учрашувда келишилган.
Халқаро конференция Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича "Йўл харитаси"га ҳамда БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"га киритилган.