«Meta» компанияси делегацияси давлат органлари ва ташкилотлари матбуот котиблари учун семинар-тренинг ўтказди

24.09.2022, 15:17

Бугун АОКА анжуманлар залида «Meta» компанияси делегацияси вакиллари Жорж Чен, Аурора Ли ва Дониёр Кошенов мамлакатимиздаги давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари учун «Facebook», «Instagram» ижтимоий тармоқларида расмий саҳифаларини юритиш, верификациялаш, сифатли контентлар яратиш, аудитория ва обуначилар билан ишлаш, кўришлар сонини ошириш, умуман олганда «Meta» компанияси маҳсулотларидан унумли фойдаланиш каби долзарб масалалар бўйича семинар-тренинг ўтказди.

Делегация вакили Аурора Ли «Facebook», «Instagram» ижтимоий тармоқларидаги давлат органлари ва ташкилотларининг расмий саҳифаларини очиш, шакллантириш босқичидан бошлаб энг кўп обуначиларга эга, оммабоп манбага айлантиришгача бўлган жараён ҳақида тақдимот қилиб, батафсил тушунтириш берди.

Шунингдек, расмий саҳифаларнинг сохта «дубликат»ини ажратиш, фойдаланувчиларга ишончли ва холис ахборотларни етказишда тасдиқлаш белгисининг аҳамияти ҳамда верификацияни тақдим этиш учун мавжуд мезонлар, нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида ҳам атрофлича тўхталди. Бу борада, яъни вазирлик ва идораларнинг расмий саҳифаларини верификациядан ўтказиш бўйича АОКА билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларнинг кўлами, самарадорлиги эътироф этилди.

Аурора Ли сўзи давомида «Facebook» ва «Instagram» ижтимоий тармоқлари орқали ахборот узатишда фойдаланиш мумкин бўлган технологик имкониятлар, афзалликлар ҳақида гапириб, компания томонидан ишлаб чиқиш жараёнида бўлган янги қулайликлар борасида ҳам маълумот берди.

Тақдимот ва маърузадан сўнг матбуот котиблари фаолияти давомида дуч келган вазиятлар юзасидан ва ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга батафсил жавоб олишди.

Семинар-тренинг давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолияти натижадорлигини янада яхшилаш, «Facebook» ва «Instagram» ижтимоий тармоқларида давлат органлари, ташкилотларининг расмий саҳифасини фаол юритиш, матбуот котибларининг сифатли ва оммабоп контент яратишлари учун зарур билим, тажриба, кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилди.


Увеличить на0%