АОКАда "Реклама тўғрисида"ги Қонун мазмун-моҳияти бўйича семинар-тренинг ўтказилди
Бугун, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида 2022 йил 7 июнда қабул қилинган янги таҳрирдаги "Реклама тўғрисида"ги (ЎРҚ-776-сон) Қонун мазмун-моҳияти бўйича семинар-тренинг ўтказилди.
Тренингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳамадалиев, бош мутахассислар – Умид Қаюмов ва Сайидбобурхон Жўраев, Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ солиш методологияси департаменти давлат солиқ бош инспектори Беҳзод Ботиралиев, АОКА мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистлар, таҳририятларнинг реклама ва маркетинг мутахассислари иштирок этди.
Семинар-тренинг давомида иштирокчиларга соҳа мутахассислари томонидан мазкур қонунда реклама фаолиятига доир белгиланган янги тартиб ва талаблар ҳамда уларни бузганлик учун юзага келиши мумкин бўлган жавобгарлик ҳақида батафсил маълумот ва тушунтириш берилди.
Ўқув-тренингида ОАВ вакиллари мутахассислардан аҳоли томонидан реклама хусусида бўлаётган эътирозли мурожаатлар, шунингдек, қонунчилик талабларидан четга чиқаётган айрим реклама эълонлари, умумий эфир вақтида рекламага ажратилган дақиқалар, ташқи рекламалар учун белгиланадиган талаблар ва бошқа ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Шу билан бирга, соҳа мутахассислари янги таҳрирдаги қонунга бўлган эҳтиёжлар юзасидан батафсил тўхталиб ўтишди.
Семинар-тренинг реклама ва маркетинг тармоғида фаолият кўрсатувчи мутахассислар учун реклама ахборотини тарқатишда яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиш билан бирга, қонунчилик талабларидан четга чиқмаган ҳолда, замонавий технологиялар, янгича ва креатив реклама-маркетинг усулларини кенг қўллашда самарали хизмат қилади.