Асаджон Ходжаев: «Tashkent Book Fest» — мутахассислар ва аҳоли учун чинакам китоб байрамига айланишига ишонаман»

02.11.2022, 12:12

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаевнинг “Tashkent Book Fest - 2022” III Тошкент Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг очилиш маросимидаги НУТҚИ:

— Ассалому алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Муҳтарам меҳмонлар, хонимлар ва жаноблар! 

Аввало, барчангизни мамлакатимизда учинчи бор ўтказилаётган “Tashkent Book Fest - 2022” III Тошкент Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида кўриб турганимиздан ғоятда мамнунмиз.

Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Кейинги йилларда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларда ўзининг юксак самараларини бераётгани кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатимизни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

100 дан ортиқ устувор йўналишлар белгилаб берилган Тараққиёт стратегиясида кўплаб соҳалар қаторида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, халқимизни юқори сифатли китоб ва босма маҳсулотлар билан таъминлашни тубдан яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бу ҳақда гапирганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўнгги беш йил давомида мамлакатимизда ноширлик, адабиёт, кутубхона ва китобхонлик соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 10 га яқин фармон, қарор ва фармойишлари, 2021 йил 

26 ноябрда “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирда қабул қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли бўлади.

Соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиши, давлат томонидан ноширлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига зарур шарт-шароитлар яратилгани ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Буни қуйидаги рақамларда ҳам кўриш мумкин.

2019 йилда республикамизда 227 та нашриёт фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони салкам 360 тага етди. Энг муҳими, бу нашриётларнинг 41 таси давлат тасарруфидаги корхоналар бўлса, қарийб 320 таси хусусий тадбиркорлик субъектларига тегишли.

Матбаачиликдаги кўрсаткичлар ҳам сезиларли даражада ошди. 2022 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига республикамиздаги матбаа корхоналарининг сони 

1746 тага етди. Уларнинг 1660 га яқини хусусий корхоналар экани, айниқса, қувонарли. 

Нашриёт ва матбаа корхоналари фаолиятининг эркин рақобат асосида ривожланиши аҳолининг китоб ва матбаа маҳсулотларига бўлган эхтиёжини янада тўлиқроқ қондиришга хизмат қилмоқда.

Мамнуният билан айтиш керакки, 2019-2022 йилларда ушбу нашриётлар томонидан 26 минг 

754 номдаги 132 млн.дан ортиқ адабиёт ва матбаа маҳсулотлари нашр этилди. 

Албатта, мамлакатимизда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, китоб тарғиботи орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш, нашриёт-матбаа соҳасини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришда ўтказилаётган миллий ва халқаро танловлар, кўргазма-ярмаркаларнинг аҳамияти ҳам катта.

Шу маънода бугун тўла ишонч билан айта оламизки, пойтахтимизда ўтказиб келинаётган “Tashkent Book Fest - 2022” III Тошкент Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси нафақат соҳа мутахассислари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш билан бирга, ноширлик борасидаги халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, янги ҳамкорлар топиш ва фаолият доирасини янада кенгайтиришда муносиб ўрнини топиб бормоқда.

Буни учинчи бор ўтказилаётган “Tashkent Book Fest - 2022” III Тошкент Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида 100 дан ортиқ маҳаллий ноширлар ва матбаа корхоналари билан биргаликда 

Арманистон, Беларусь, Буюк Британия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркия  каби  9 та хорижий давлатдан 47 та етакчи компания, нашриёт ва ассоциация вакиллари, шунингдек, вазирликларнинг масъул ходимлари бўлган жами 97 нафар  хорижий мутахассислар иштирок этаётганида ҳам кўриш мумкин. 

Ишонаманки, улар томонидан тақдим этилаётган китоблар ва матбаа маҳсулотлари, дизайнерлик ишлари, янги китоблар тақдимотлари, рассомлик санъати намуналари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотади.

Шунингдек, кўргазма-ярмарка доирасида бўлиб ўтадиган давра суҳбатлари, семинар-тренинг ва маҳорат дарслари, китобхонлик танловлари, турли акция ва маданий-маърифий дастурлар иштирокчиларга манзур бўлади.

Албатта, кўргазма-ярмаркада энг яхши ташкилотчиларга бериладиган 2 та, китоблар йўналиши бўйича 5 та номинация ва бош соврин — Гран-прининг ғолибларга тақдим этилиши ҳам тадбирнинг унутилмас воқеаси бўлади.

Муҳтарам дўстлар, тадбир иштирокчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу халқаро кўргазма-ярмаркани ташкил этиш ва ўтказишда Агентлик билан яқин ҳамкорликда бўлган, ўзининг амалий ёрдамини кўрсатган вазирлик ва идораларга, хусусан, бош ҳамкоримиз Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбариятига ташкилий қўмита номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

“Tashkent Book Fest - 2022” III Тошкент Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасига ташриф буюрган маҳаллий нашриёт-матбаа корхоналарига, хорижий меҳмонларимизга ва барча иштирокчиларга яна бир бор хуш келибсиз, деймиз.

Кўргазма ишига муваффақият тилайман. Эътиборингиз учун раҳмат!


Увеличить на0%